Ўзбекистон UNICEF билан камбағалликни қисқартиришда ҳамкорлик қилади
Ташкилот вакиллари Ўзбекистондаги ижтимоий ҳимоя стратегиясига баҳо берди

UNICEF’нинг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Афшон Хон ва Ўзбекистон Молия вазирлиги раҳбарияти ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 20 ноябрь куни Ўзбекистон Молия вазирлигида UNICEF халқаро ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Афшон Хоннинг Ўзбекистон молия вазири ўринбосари Жамшид Абруев билан учрашуви бўлиб ўтган.
Йиғилишда аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш соҳасида республикада амалга оширилган муҳим ислоҳотлар ва эришилган натижалар, жумладан, UNICEF ташкилотининг бевосита кўмагида яратилган ҳамда республика ҳудуди бўйлаб жорий этилган «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими муҳокама қилинган.

Қайд этилишича, UNICEF вакиллари Ўзбекистонда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизими, биринчи навбатда, болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳимлигини таъкидлаган.
Ўзбекистон Президентининг яқинда қабул қилинган ногиронлар, етим болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш, шунингдек, болали оилаларга бериладиган ижтимоий нафақалар бўйича ислоҳотларга доир қарорларига алоҳида эътибор қаратилган.
Шу билан бирга, Афшон Хон халқаро ташкилотлар, жумладан, UNICEF билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг ижтимоий ҳимоя соҳасидаги Миллий стратегияни ишлаб чиқиш бўйича амалга оширилаётган ишларига ижобий баҳо берган.
Ўз ўрнида UNICEF’нинг келгусида ҳам ушбу стратегияни амалга ошириш, натижаларини баҳолаш ва Ўзбекистонда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича кейинги чора-тадбирларни тайёрлашда яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдириб ўтган.

UNICEF вакиллари камбағалликни кўп қиррали баҳолаш дастурини ўтказишга, жумладан, республикада болалар камбағаллигини баҳолашга ҳамда таҳлиллар маълумотларига асосланиб, камбағаллик, жумладан, болалар камбағаллигини қисқартириш бўйича тегишли чора-тадбирларни ишлаб чиқишда ҳамкорликга тайёр эканликларини тасдиқлаган.
Учрашув якунда UNICEF ва Молия вазирлигининг аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги қўшма фаолияти доирасида эришилган натижалар таъкидланиб, бу борадаги яқин ҳамкорликни давом эттириш истиқболлари келишиб олинган.
Аввалроқ Ўзбекистонда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши хабар қилинганди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев 2026 йилгача камбағалликни 2 баравар қисқартириш кўзда тутилаётганини айтгани ҳақида хабар берилди.






