
«Ўзбекистон ва Қозоғистон иқтисодиёти рақобат қилмайди, бир-бирини тўлдириб туради» — Шавкат Мирзиёев
Оқўрда қароргоҳида Ўзбекистон Президентини расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистонга ташриф буюрди. 6 декабрь куни Оқўрда қароргоҳида Ўзбекистон Президентини расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон етакчиси икки биродар давлат ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларининг ривожланиш суръатини мамнуният билан қайд этди.
«Ўзбекистон ва Қозоғистон — табиий иқтисодий ҳамкорлар. Иқтисодиётларимиз рақобат қилмайди, бир-бирини тўлдириб туради. Ўзаро савдо ортмоқда. Жорий йилда товар айирбошлаш рекорд даража — 4 миллиард долларга етиши кутилмоқда. Автомобилда ва темир йўллари орқали юк ташиш ҳажмлари ошмоқда.
Авиақатновлар тўлиқ қайта тикланди, янги йўналишлар очилмоқда. Етакчи корхоналаримиз кооперацияни муваффақиятли кенгайтирмоқда. Кейинги йилларда иқтисодиётнинг деярли барча тармоқларида қўшма корхона ва лойиҳалар сони 6 баробарга ошди», — деди Шавкат Мирзиёев.
Савдо-иқтисодий ҳамкорлик ривожланиб бораётгани, бунда мамлакатлар ҳудудлари ва тадбиркорлари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқалар муҳим ўрин тутаётгани алоҳида таъкидланди.
Аввалроқ Ўзбекистон ва Қозоғистон қарийб 6 миллиард долларлик шартнома ва битим имзолагани ҳақида хабар берилганди.




