Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги савдо айланмаси ҳажми 5 млрд долларга етказилади
Ўзбекистон иқтисодиётига киритилган Туркия инвестициялари ҳажми 2016 йилдан бери 10 баравар ошган

Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқовнинг Туркия вице-президенти Фуат Октай билан учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, учрашув чоғида кўп қиррали икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилган. Шунингдек, Фуат Октайнинг 2021 йилнинг июнь ойида Ўзбекистонга ташрифи чоғида эришилган келишувларнинг амалга оширилиши муҳокама қилинган.
Қайд этилишича, инвестициявий ҳамкорликни чуқурлаштиришда эришилган муваффақиятлар алоҳида таъкидланган. Жумладан, 2016 йилдан бошлаб Ўзбекистонда турк капитали иштирокида ташкил этилган корхоналар сони 2 баравар, мамлакат иқтисодиётига киритилган Туркия инвестициялари ҳажми эса 10 баравар ошган. Учрашув давомида йирик қўшма инвестициявий лойиҳаларнинг амалга оширилиши кўриб чиқилган ва уларни жадаллик билан ниҳоясига етказиб, фойдаланишга топшириш юзасидан навбатдаги тадбирлар белгилаб олинган.

Икки мамлакат ўртасидаги савдо ривожланишининг ижобий динамикаси қайд этилган. Хусусан, сўнгги 5 йил якунларига кўра, Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми икки баравар кўпайган, 2021 йил бошидан буён эса 70 фоизга ошган. Яқин келажакда Ўзбекистон-Туркия савдо айланмаси ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш зарурлиги ҳақида якдил фикр билдирилган. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон ва Туркия ўртасида Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим ҳамда Электрон тижорат соҳасидаги битим юзасидан келишиш ишларини якунига фаоллик билан етказишга келишилган.
Таъкидланишича, минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш чора-тадбирларига алоҳида эътибор қаратилган. Ўзбекистон ва Туркия ҳудудлари ўртасида иқтисодий алоқаларни йўлга қўйиш учун платформа бўлиб хизмат қиладиган Ўзбекистон-Туркия минтақалараро форумини ўтказиш ташаббуси кўриб чиқилган.
Шунингдек, кейинги уч йил давомида инвестициявий, савдо-иқтисодий, транспорт ва логистика, ахборот-коммуникация, маданий-гуманитар соҳаларда қўшма ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқишга ўзаро тайёрлик билдирилган. Учрашув якунида кўриб чиқилган ҳамкорлик йўналишлари доирасида келишилган лойиҳа ва ташаббусларни илгари суриш ва амалга ошириш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинган.
Аввалроқ Туркий кенгашга аъзо давлатлар божхона тартибини стандартлаштиришга келишиб олгани хабар қилинганди. Шунингдек, Туркия Ўзбекистонда 9 ойда хорижий капитал билан ташкил этилган корхоналар сони бўйича етакчига айлангани ҳақида хабар берилди.






