Ўзбекистон ЯИМининг ўсиши постсовет давлатлари орасида энг юқори бўлиши прогноз қилинди
Энг паст кўрсаткич Россия ва Беларусда бўлиши тахмин қилинди.

Европа Иттифоқи ва постсовет давлатлари орасида ялпи ички маҳсулотнинг энг юқори ўсиши Ўзбекистонда бўлиши кутилмоқда. Бу ҳақда Жаҳон банки хулосасида сўз боради.
Қайд этилишича, 2022 йилда Ўзбекистон ЯИМининг ҳажми 5,6 фоизга ўсиши прогноз қилинган. Шунингдек, 2023 йилда мамлакатнинг ушбу иқтисодий кўрсаткичи яна ўсишда давом этиб, 5,8 фоизга етиши тахмин қилинмоқда.
Қайд этиш керакки, Ўзбекистон ушбу кўрсаткичлар билан бутун собиқ Иттифоқ давлатлари орасида етакчилик қилмоқда. Унга энг яқин давлатлар Грузия ва Тожикиистон бўлиб, 2022 йилда ушбу давлатлар ЯИМининг ҳажми 5,5 фоизга ўсиши прогноз қилинган.
Жаҳон банки хулосасига кўра, бутун постсовет ҳудудидаги энг паст кўрсаткич Россия ва Беларусда кузатилиши тахмин қилинмоқда. 2022 йилда Россияда ЯИМининг ҳажми 2,4 фиозга ўсиши прогноз қилинган бўлса, Беларусда ушбу кўрсаткич 2,8 фоизга пасайиши айтилмоқда.
Европа Иттифоқи учун 2022 ва 2023-йиллар учун мос равишда 4,2 ва 2,1 фоиздан ўсиш прогнози берилган.
Аввалроқ Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти 2021 йил 7,4 фоизга ўсгани хабар қилинганди.






