Ўзбекистонда 11 ойда қиймати 2 млрд сўмдан ортиқ пиротехника мусодара қилинди
Ноқонуний олиб кириш бўйича 54 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди.

Ўзбекистонда 2021 йил 11 декабрь ҳолатига 2 миллиард 177 миллион 500 минг сўмлик пиротехника воситаси мусодара қилинган. Бу ҳақда АОКАда Миллий гвардия Қўриқлаш бош бошқармаси мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Маълум қилинишича, 2021 йилнинг 11 декабрь кунига қадар Ўзбекистонга ноқонуний олиб кирилган 2 миллиард 177 миллион 500 минг сўм қийматидаги 5 миллион 947 минг 689 дона пиротехника воситаси мусодара қилинган.
Шунингдек, бу бўйича 54 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилиб, 375 та материал судларга ва 277 таси вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссияларга юборилган. Яна 6 та ҳолатда жиноят иши қўзғатилган.
Қайд этилишича, Қўриқлаш бош бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан 44 минг 429 та давлат, халқ хўжалиги ва хусусий тадбиркорлик объектлари ҳамда фуқароларнинг 17 минг 464 та хонадони қўриқлаб келинмоқда.
Аввалроқ Ўзбекистонга пиротехника воситалари олиб кириш учун кимларга рухсат берилиши маълум бўлгани хабар қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистон мулкни адолатли мусодара қилиш рейтингида 139 та давлат ичида 138-ўринни эгаллагани ҳақида хабар берилди.






