Ўзбекистонда 2021 йил кластерлар томонидан қанча қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилгани очиқланди
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Сенатга 2021 йилда бажарилган ишлар бўйича ҳисобот эшиттирди

Олий Мажлис Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси аъзолари 26 ноябрь куни Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2021 йилда амалга оширилган ишлари тўғрисидаги ахборотини эшитди. Бу ҳақда юқори палата матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан ҳудудларни муайян турдаги маҳсулотлар етиштиришга босқичма-босқич ихтисослаштириш мақсадида 79,3 минг гектар ер майдони ажратилган. Шунингдек вазирлик ҳузурида «Агросервис оператор» корхонаси ташкил этилиб, 300 гектаргача майдонда плантация усулида интенсив боғ ва токзорлар барпо этиш ва етти йил муддатда тўлаш шарти билан аҳолига сотиш тизими йўлга қўйилган.

Қайд этилишича, 2021 йилда кластерлар томонидан 9,2 миллион тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирилган. Шундан, 1,8 миллион тоннаси пахта хом-ашёси, 6,6 миллион тоннаси бошоқли дон ҳамда 838 минг тоннаси мева-сабзавот маҳсулотларига тўғри келади.
Шунингдек, 189,4 минг гектар майдонни қайта фойдаланишга киритиш, чўл, адир ҳудудлардаги лалми-яйлов ерларни ўзлаштириш мақсадида ирригация-мелиорация тадбирларини амалга ошириш, насос агрегатлари ўрнатиш ҳамда суғориш қудуқларини қазиш ишлари амалга оширилмоқда.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев мева-сабзавот экспорти 5 миллиард долларга етказилишини айтгани хабар қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистон энг кўп мева-сабзавот экспорт қилган давлатлар рейтинги эълон қилинди.






