Ўзбекистонда 9 ойда 7,5 млрд долларлик хорижий инвестиция ўзлаштирилди
Ўзбекистонда 9 ойда 7 миллиард 500 миллион доллар миқдорида хорижий инвестиция ўзлаштирилган. Маблағлар асосан қишлоқ ва сув хўжалиги, коммунал, энергетика, транспорт инфратузилмаси ва бошқа қатор соҳаларга йўналтирилган

Ўзбекистонда 9 ойда 7 миллиард 500 миллион доллар миқдорида хорижий инвестиция ўзлаштирилган. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги бошқарма бошлиғи Баҳром Худойбердиев хабар берди.
Тезкор маълумотларга кўра, 2022 йилнинг январь- сентябрь ойлари якуни билан 7,5 млрд долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилиб, белгиланган прогноз кўрсаткичлари 115 фоизга бажарилган.
Хусусан, тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар миқдори 6,6 млрд долларни ташкил этган. Шунингдек, халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари маблағлари 941 млн долларни етган.
Шу билан бирга, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар бўйича тармоқ корхоналари томонидан 2 миллиард 68 миллион доллар ўзлаштирилган. Шунингдек, ҳудудий лойиҳалар доирасида ўзлаштирилган маблағлар миқдори 3 миллиард 9 миллион долларни ташкил қилган.
Бундан ташқари, тармоқлар бўйича автосаноат (3,2 баробар), тўқимачилик (1,8 баробар), кимё саноати (1,5 баробар) ва ахборот технологиялари (1,6 баробар) соҳаларида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан юқори ўсиш суръатлари кузатилган бўлса, ҳудудлар бўйича асосий ўсиш Фарғона (2,4 баробар), Тошкент (2 баробар), Самарқанд (1,8 баробар) ва Андижон (1,7 баробар) вилоятлари ҳиссасига тўғри келмоқда.
Қайд этилишича, халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари маблағларининг асосий қисми Жаҳон банки (жами ҳажмга нисбатан 26,3 фоиз ёки 248 млн. доллар), Осиё тараққиёт банки (24,6 фоиз ёки 231,3 млн. доллар), Хитой (8,3 фоиз ёки 77,8 млн. доллар), Ислом тараққиёт банки (7,7 фоиз ёки 72,0 млн. доллар), Европа тикланиш ва тараққиёт банки (6,4 фоиз ёки 60,4 млн. доллар) ва Япония (4,0 фоиз ёки 37,5 млн. доллар) давлатларининг молия институтлари ҳиссаларига тўғри келди.
Ушбу маблағлар асосан қишлоқ ва сув хўжалиги (22,9 фоиз ёки 215,4 млн. доллар), коммунал хўжаликка (19,3 фоиз ёки 181,2 млн. доллар), энергетика (12,5 фоиз ёки 117,6 млн. доллар), транспорт инфратузилмаси (12,0 фоиз ёки 112,7 млн. доллар), нефтегаз ва кимё саноати (11,3 фоиз ёки 106,2 млн. доллар), соғлиқни сақлаш (8,6 фоиз ёки 80,8 млн. доллар), таълим (4,8 фоиз ёки 44,9 млн. доллар), ахборот коммуникация технологияларига (2,7 фоиз ёки 25,2 млн. доллар), шаҳар ва қишлоқлар инфратузилмасини яхшилаш (2,2 фоиз ёки 20,4 млн. доллар) соҳаларига йўналтирилди.






