Ўзбекистонда аҳолининг банк омонатлари ҳажми ошди
Жисмоний шахслар учун 8,1 фоиз реал ижобий фоиз ставкалари шаклланган.

Ўзбекистонда 11 ой давомида миллий валютадаги муддатли депозитлар ҳажми 42 фоизга, аҳоли омонатларининг умумий ҳажми эса 63,3 фоизга ўсди. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, ноябрь ойига келиб мамлакатда йиллик инфлация даражаси 10,3 фоизни ташкил этган. Миллий валютадаги депозитлар бўйича ўртача ставка эса жисмоний шахслар учун 19,6 фоизни, юридик шахслар учун эса 15,1 фоизни ташкил этган.
Бунинг натижасида жисмоний шахслар учун 8,1 фоиз, юридик шахслар учун эса 4,1 фоиз реал ижобий фоиз ставкалари шаклланган. Ҳисобварақлардаги маблағлар ҳажмининг ўсишига юқори фоиз ставкалари ва нисбатан паст инфляция даражаси сабаб бўлган.
Регулятор қаттиқ пул-кредит сиёсати туфайли йил охиригача инфляцияни 10 фоиз даражасида ушлаб турмоқчи. Бундан ташқари, 2022 йилда уни 9 фоизга тушириш режалаштирилган.
Аввалроқ Марказий банк асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдиргани хабар қилинганди. Ставканинг ўзгаришсиз қолдирилганига инфлация даражаси билан бир қаторда мамлакат иқтисодиётида проинфляцион рисклар сақланиб қолаётгани сабаб бўлган. Шунингдек, бу қарор 2022 йилдаги инфлация прогнозига эришиш учун мос келадиган пул-кредит шароитларини таъминлаш мақсадида қабул қилинган.
Маълумот учун, 2020 йилда миллий валютадаги депозитларнинг умумий ҳажми 25 фоизга (9,6 триллион сўм), шу жумладан жисмоний шахсларнинг омонатлари ҳажми 31,6 фоизга (4,1 триллион сўм) ошган. Йил якунига кўра жисмоний шахсларнинг миллий валютадаги депозитлари бўйича ставкалар 17 фоиз, юридик шахслар учун эса 14,4 фоиз даражасида шаклланган. 2019 йилда эса миллий валютадаги муддатли депозитлар ҳажми 43 фоизга, шундан жисмоний шахсларнинг депозитлари ҳажми 54 фоизга ошган.






