Ўзбекистонда банк ҳисоб рақамидан унинг эгаси розилигисиз пул ечиб олганлик учун жавобгарлик белгиланиши мумкин
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини муҳокамага қўйди

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини муҳокамага қўйди.
Қонун лойиҳасида жисмоний ва юридик шахсларнинг банк ҳисобварағидаги пул маблағларини уларнинг розилигисиз қонунга хилоф равишда ўтказиш ёки ҳисобдан чиқариш ва ортиқча ундирилган пул маблағларини ўз вақтида қайтармаслик бўйича жавобгарлик киритиш белгиланмоқда.
Хусусан, Жиноят кодексини 192-12 моддаси билан тўлдириш таклиф этиляпти. Бу турдаги ҳаракатлар маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса:
- БҲМнинг 200 бараваридан 300 бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар:
- кўп миқдорда зарар етказган ҳолда;
- бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса
БҲМнинг 300 бараваридан 500 бараваригача миқдорда жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар:
- жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда;
- уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса,
БМҲнинг 500 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, беш йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.




