Ўзбекистонда банклар активларини таснифлаш тартиби ўзгартирилди
Марказий банкнинг тижорат банклари активлари тўғрисидаги низомига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Ўзбекистонда тижорат банкларининг активларини таснифлаш тартиби ўзгартирилди. Бу ҳақда Norma хабар берди.
Маълум қилинишича, Марказий банкнинг 10 декабрдаги қарори билан Тижорат банкларида активлар сифатини таснифлаш ва активлар бўйича эҳтимолий йўқотишларни қоплаш учун захиралар шакллантириш ҳамда улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган. Ўзгартиришлар бир ой ўтгач кучга киради.
Ўзгартириш ва қўшимчалар банк назорати бўйича Базель қўмитасининг «Муаммоли активлар учун пруденциал талаблар — муаммоли активлар ва шартлари қайта кўриб чиқилган активлар тушунчаси тўғрисида»ги йўриқномасига, шунингдек халқаро тажрибага асосан ишлаб чиқилган. Хусусан, «кредит таваккалчилиги», «муддати ўтган қарздорлик», «активларнинг жами қиймати» ва «кичик миқдордаги сумма» тушунчалари киритилмоқда.
Шунингдек, молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига мувофиқ активларга банклар томонидан ҳисобланган ва олинмаган фоизли даромадлар бўйича «оширилмайдиган» мақомини бериш ўрнига активлар сифатига қараб улар юзага келган даврда захираларни шакллантириш зарурлиги тўғрисидаги талаб киритилмоқда.
Шу билан бирга, эҳтимолий йўқотишларни қоплашга мўлжалланган захира миқдоридан юқори ликвидли таъминот қиймати чегирилиши назарда тутилади. Бундан ташқари, Низом талабларига мувофиқ баъзи ҳолатларда кредит шартномаси шартлари ўзгартирилганда кредит таснифи ўзгартирилмайди ва шартлари қайта кўриб чиқилган активлар деб таснифланмайди.
Жумладан, фоиз ставкаси пасайтирилганда, бунда ўзгартиришдан сўнг миллий валютадаги кредитлар бўйича фоиз ставкаси Марказий банк асосий ставкаси + 2 фоиз банддан кам бўлмаслиги лозим. Шунингдек, кредит валютаси ўзгартирилганда, бунда кредит хорижий валютадан миллий валютага ўзгартирилганда кредитлар бўйича фоиз ставкаси Марказий банк асосий ставкаси + 2 фоиз банддан кам бўлмаслиги лозим.
Шунингдек, кредитнинг имтиёзли даври 6 ойгача узайтирилганда, бунда дастлабки график бўйича фоизлар тўлиқ тўланган ва янги графикда фоиз тўловлари назарда тутилган ҳамда кредитнинг имтиёзли даври тугамаган ва биринчи марта узайтирилаётган бўлиши керак. Шартноманинг охирги муддатини узайтириш узайтирилаётган имтиёзли муддатдан кўп бўлмаслиги шарт.
Қайд этилишича, кредит шартномаси шартлари қайта кўриб чиқилаётган вақтда қарздорнинг барча банклардан олинган кредитлари бўйича муддати ўтган қарздорлиги мавжуд бўлмаслиги ҳамда қарздорнинг кредити сифати «стандарт» ёки «субстандарт» тоифасида бўлиши талаб этилади.
Бундан ташқари, қайта кўриб чиқилаётган шартнома бўйича тўловларни тўлашда сўнги 6 ой ичида муддати кечиктирилган кунларнинг жами миқдори 60 кундан ошмаган бўлиши лозим.
Шу билан бирга, активларнинг вақтинчалик параметрлар бўйича таснифланиши қайта кўриб чиқилмоқда. Ҳужжат қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2022 йил 11 январдан кучга киради.
Аввалроқ Ўзбекистонда давлат бюджетини кўриб чиқиш тартиби ўзгариши хабар қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонда давлат корхоналарига қўшимча имтиёз бермаслик белгиланиши мумкинлиги ҳақида хабар берилди.






