Ўзбекистонда базавий инфляция беш йилликдаги энг паст кўрсаткични қайд этди
Келгуси 12 ой учун аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари 15,7 ва 14,9 фоизни ташкил этди.
Ўзбекистонда базавий инфляция даражаси сўнгги беш йилликдаги энг паст кўрсаткични қайд этди. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Ўзбекистонда базавий инфляция даражаси 2021 йил якунида 8,8 фоизгача пасайиб, сўнгги беш йилликдаги энг паст кўрсаткични қайд этган.
Шунингдек, 2021 йил декабрь ойи сўровлари натижаларига кўра, келгуси 12 ой учун аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари сентябрь-ноябрь ойларидаги ўсувчи тенденциядан кейин пасайиш трендига ўтган ҳамда мос равишда 15,7 ва 14,9 фоизни ташкил этган.
Бундан ташқари, респондентлар томонидан инфляцион кутилмаларнинг асосий омиллари сифатида бензин нархлари қимматлашиши, транспорт харажатлари ошиши, асосий озиқ-овқат маҳсулотлари ва импорт товарлари нархининг ўсиши келтирилган.
Аввалроқ Марказий банк асосий ставкани ўзгаришсиз қолдиргани хабар қилинганди.