Ўзбекистонда божхона тўловининг дастлабки қарорини олиш тадбиркорлар учун ихтиёрий қилиниши мумкин
Давлат божхона қўмитасининг товар олиб киришда тадбиркорларга енгиллик яратувчи қарори муҳокамага қўйилди

Давлат божхона қўмитасининг «Ўзбекистон Республикасига олиб кириладиган товарларга тўланиши лозим бўлган божхона тўловлари миқдорини аниқлаш бўйича дастлабки қарорни қабул қилиш тартиб-таомилларини белгилаш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Бу ҳақда Norma хабар берди.
Маълум қилишича, ҳужжат лойиҳаси Президентнинг «Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва давлат божхона хизмати органлари ташкилий тузилмасини янада такомиллаштириш тўғрисида» 2021 йил 10 сентябрдаги фармонига мувофиқ ишлаб чиқилган. Лойиҳага асосан тўланиши лозим бўлган божхона тўловлари тўғрисидаги дастлабки қарорни олиш тадбиркорлик субъектлари учун ихтиёрий ҳисобланади. Буни БЮДни топширишдан олдин амалга ошириш лозим.
Қайд этилишича, дастлабки қарорни олиш учун манфаатдор шахс тасдиқланган шаклдаги аризани зарур ҳужжатлар билан ёзма ёки электрон тарзда божхона расмийлаштируви амалга оширилиши назарда тутилган божхона органига тақдим қилади. Дастлабки қарор божхона органида ариза рўйхатдан ўтган кундан бошлаб 15 календарь кундан кечиктирмай, қўшимча ўрганиш талаб этилганда эса 30 календарь кунлик муддатда қабул қилинади. Ариза божхона органлари томонидан қабул қилинган дастлабки қарорлар реестрида қайд қилинади.
Шунингдек, дастлабки қарорни қабул қилганлик учун божхона йиғими Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган ставкаларда ҳисоблаб чиқарилади. Дастлабки қарор божхона органи томонидан ДБҚнинг ягона автоматлаштирилган ахборот тизимида жойлаштирилиши ва 90 календарь кун муддатда амал қилиши назарда тутилмоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистонга олиб кириладиган товарлар бўйича тўланиши лозим бўлган божхона тўловлари юзасидан дастлабки қарор қабул қилиш тўғрисида интерактив хизмат кўрсатишнинг маъмурий регламенти лойиҳаси ишлаб чиқилган. Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.
Аввалроқ Ўзбекистонда айрим тадбиркорларга мол-мулк ва ер солиқларини тўлашни 6 ойга кечиктириш ҳуқуқи берилиши хабар қилинганди.






