Ўзбекистонда электрдан ноқонуний фойдаланиш энергетика тизимига қанча зарар келтиргани маълум бўлди
Декабрь ойининг 18 кунида ўтказилган назорат тадбирлари давомида ҳудудларда 71 мингта хонадоннинг бир ойлик истеъмолига тенг электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилгани аниқланди

Энергетика вазирлиги ҳузуридаги «Ўзенергоинспекция», ҳудудий электр тармоқлари корхоналари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда жойларда электр энергиясидан фойдаланишда назорат тадбирлари ўтказилмоқда. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, декабрь ойининг 18 кунида ўтказилган назорат тадбирлари давомида ҳудудларда 471 та истеъмолчи томонидан 21,4 миллион киловатт/соат миқдордаги электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланган. Натижада энергетика тизимига жами 10 миллиард сўмдан зиёд зарар келтирилгани маълум бўлган.
Ушбу ҳажмдаги электр энергияси ўртача 71 мингта хонадоннинг бир ойлик истеъмолини ташкил қилади.
Ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари республиканинг барча ҳудудларида аниқланган. Мисол учун:
- Сирдарё вилояти, Боёвут туманидаги «Магистраль тармоқ қурилиш» МЧЖда 226,1 миллион сўм;
- Самарқанд вилояти Оқдарё туманидаги «Согда қурилиш» МЧЖнинг тош ва шағал майдалаш цехида 133,6 миллион сўм;
- Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманидаги «Чорсу» савдо комплексида 100,7 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилган.
Қоидабузар истеъмолчиларга нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўрилиб, уларнинг электр ускуналари тармоқдан ажратилган.






