Ўзбекистонда энг кўп қайси соҳа стартапларини молиялаштириш учун шартномалар тузилгани маълум бўлди
Мазкур стартап лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида жами 778 та янги ишчи ўрни яратилиши режалаштирилган.

Ўзбекистонда ҳозирги кунга қадар жами 73,8 миллиард сўмлик 94 та стартап лойиҳани молиялаштириш учун шартнома тузилган. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирлигининг АОКАдаги матбуот анжуманида маълум қилинди.
Қайд этилишича, молиялаштирилган стартап лойиҳаларнинг иқтисодиёт тармоқлари ва соҳалари кесимидаги улуши соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича 18,7 миллиард сўмлик 20 та, ахборот технологиялари соҳаси бўйича 15,7 миллиард сўмлик 19 та, қишлоқ хўжалиги соҳаси бўйича 15,2 миллиард сўмлик 23 тани ташкил этган.
Шунингдек, транспорт ва энергетика соҳаси бўйича 10,2 миллиард cўмлик 12 та, қурилиш соҳаси бўйича 4,9 миллиард сўмлик 7 та, озиқ-овқат соҳаси бўйича 3,3 миллиард cўмлик 5 та бошқа соҳа-тармоқлар бўйича 5,8 миллиард сўмлик 8 та лойиҳани ташкил қилмоқда.
Мазкур стартап лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида жами 778 та янги ишчи ўрни яратилиши режалаштирилган.






