Ўзбекистонда фьючерс савдоларини ўтказиш тартиби белгиланди
Монополияга қарши курашиш қўмитаси фьючерс савдоларини тартибга солувчи ваколатли орган ҳисобланади.

Ўзбекистонда фьючерс савдоларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Norma хабар берди.
Маълум қилинишича, Вазирлар Маҳкамасининг 27 декабрдаги «Товар-хом ашё биржаларида фьючерс савдоларини жорий қилиш ҳамда маҳсулотларни автотранспортда ташиш хизматларининг электрон логистика савдо порталини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 777-сон қарори қабул қилинган.
Шунингдек, Президентнинг 2021 йил 14 августдаги «Шартномавий муносабатларни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига ҳамда 2021 йил 17 мартдаги «Юқори ликвидли ва монопол товарларни сотиш жараёнларига бозор механизмларини жорий этишни давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Товар-хом ашё биржаларида фьючерс савдоларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган.
Қайд этилишича, низомда фьючерс савдоларини ўтказиш, товарларнинг бозор нархи шаклланишини таъминлаш ҳамда томонлар ўртасида ҳисоб-китобларни амалга ошириш кўзда тутилган. Шунингдек, фьючерс савдоларида иштирок этиш бўйича биржа аъзолари ва уларнинг трейдерларига қўйиладиган талабларнинг белгиланиши киритилган.
Шу билан бирга, мижоз ва биржа аъзоси ўртасидаги муносабатларни тартибга солиш, шунингдек фьючерс шартномаси бўйича клирингни амалга ошириш ва шартномаларнинг ижросини таъминлаш қайд этилган. Фьючерс шартномаларини тузиш ва ижроси билан боғлиқ бўлган низоларни ҳал этиш белгиланган.
Бундан ташқари, низом фьючерс савдолари жараёнида нарх манипуляциясига йўл қўймасликни ўз ичига олади. Шунингдек, фьючерс савдолари иштирокчилари устидан назоратни амалга ошириш, қонунчилик ҳужжатлари талаблари бузилган ҳолатларда биржа аъзоларига нисбатан чоралар кўриш ҳам низомдан ер олган.
Таъкидланишича, автотранспортда юк ташиш хизматлари бўйича электрон логистика савдо портали фаолияти тўғрисида низом тасдиқланиб, унда қуйидагилар белгиланган:
- электрон логистика савдо порталида буюртмачилар ва юк ташувчиларни рўйхатдан ўтказиш;
- юк ташиш бўйича шартномалар тузишни савдоларнинг шаффоф ва рақобат тамойилларига асосланган ҳолда амалга ошириш тартиби;
- савдолар жараёни ва нархлар манипуляциясини назорат қилиш ҳамда юк ташишларни мониторинг ва таҳлил қилиш бўйича тегишли давлат органлари билан ахборот алмашинувини йўлга қўйиш;
- тузилган шартномалар бўйича ҳисоб-китобларни олдиндан закалат тўловларини киритган ва шартнома мажбуриятларини бажариш кафолатларини таъминлаган ҳолда амалга ошириш тартиби;
- шартнома шартлари бўйича томонларнинг мажбуриятларини белгилаш;
- инсофсиз юк ташувчиларни аниқлаш, уларга нисбатан чоралар кўриш ва электрон логистика порталидан четлатишни тартибга солиш.
Хабарга кўр, 2022 йил 1 январдан бошлаб ЎзРТХБда фьючерс шартномалари бўйича савдолар йўлга қўйилади. Шунингдек, Монополияга қарши курашиш қўмитаси товар-хом ашё биржаларида товар деривативларини, шу жумладан, фьючерс савдоларини тартибга солиш соҳасида ваколатли орган ҳисобланади.
Ҳужжат қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 28 декабрдан кучга кирган.
Аввалроқ Ўзбекистонда Божхона конвенциясини қўллаш ҳақидаги низом тасдиқлангани хабар қилинганди. Шунингдек, Биржа фондларига маблағлар оқими биринчи марта 1 триллион доллардан ошгани ҳақида хабар берилди.






