Ўзбекистонда газ қазиб чиқариш ҳажми камайди
Мамлакат газ конларида табиий газ қазиб чиқариш ҳажмлари камайиши кузатилмоқда. 2022 йилнинг 11 ойида режага нисбатан 5,8 фоизга кам табиий газ қазиб чиқарилган

Ўзбекистоннинг газ конларида табиий газ қазиб чиқариш ҳажми камайиб бораётгани кузатилмоқда. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, 2021 йилда белгиланган режага нисбатан 200 млн метр куб кам табиий газ қазиб чиқарилган, 2022 йилнинг 11 ойида режага нисбатан 5 фоизга кам табиий газ қазиб чиқарилди.
Жамиятга қарашли газ конларида режага нисбатан суткасига ўртача 7,1 фоизга кам табиий газ қазиб чиқарилмоқда. Бунинг асосий сабаблари газ конларида табиий газ захираларининг камайиб бораётганлиги ва конларда авариялар келиб чиқаётганлигидир.
«Бугунги кунда кўрилаётган чораларга қарамасдан ҳаво ҳароратининг кескин совиб кетиши сабабли қувурларда газ босимининг пасайиши кузатилмоқда. Қазиб чиқарилаётган табиий газ тўлиқ ички истеъмол учун, хусусан аҳоли ва ижтимоий соҳа объектлари ҳамда иссиқлик электр станцияларига йўналтирилмоқда», — дейилади хабарда.
Бундан кўзланган мақсад – биринчи навбатда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини (мактабгача таълим ташкилотлари, мактаб, ўқув юртлари, шифохоналар ва бошқалар) энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш ҳисобланади.




