Ўзбекистонда имконияти чекланганларни ишга олувчи компаниялар кўпайди. Қайси соҳаларга талаб юқори?
HeadHunter ва Kommers.uz ногиронлар учун ортаётган вакансиялар ва уларга таклиф этилаётган ўртача маош ҳақида маълумот тақдим этади.

Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган ходимларни ишга оладиган компаниялар сони кўпайди.
HeadHunter таҳлилчилари ўтказган тадқиқот шуни кўрсатадики, 2021 йил натижаларига кўра ногирон номзодларни кўриб чиқишга тайёр бўлган компаниялар улуши 55 фоизга ошди. Бундай бўш иш ўринларига таклифлар сони 400 тадан кўпайди. Имконияти чекланганларни ишга таклиф қилаётган корхоналарнинг асосий қисми Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида жойлашган.
Иш берувчиларнинг бундай ходимларга тўлашга тайёр бўлган ўртача иш ҳақи миқдори 2 миллион 891 минг сўмдан 6 миллион 226 минг сўмгача ўзгариб туради.
Ушбу турдаги вакансияларни таърифлашга келсак, улар асосан бошқа одамлар билан мулоқотни, жумладан, мижозларга маслаҳат бериш, онлайн савдо ва техник ёрдамни ўз ичига олади. Иш тартиби ҳам иш берувчининг ҳудудида (57 фоиз), ҳам масофадан туриб (31 фоиз) ишлаш имконини беради.
Ногиронлиги бўлган инсонлар орасида талаб юқори бўлган соҳалар ҳозирда IT, бухгалтерия ҳисоби, юридик амалиёт, дизайн (шу жумладан график дизайн) ва ходимнинг офисда бўлишини талаб қилмайдиган бошқа касблардан иборат.
Ногиронлиги бўлган одамлар бошқа иш изловчиларга қараганда иш берувчиларнинг вакансияларига фаолроқ қизиқиш билдиради. Бундан ташқари, кўп ҳолатларда бундай ходимлар топшириқларни бажариш учун бошқаларга нисбатан анча иштиёқли ҳам бўлади.
Аввалроқ Ўзбекистонда офисда ишловчиларнинг 42 фоизи касбини жисмоний меҳнатга алмаштиришга тайёрлиги ва бунга уларни нима ундаши хабар қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонда олий маълумотсиз бўла туриб қандай иш топиш мумкинлиги ҳақида хабар берилди.






