Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган қуруқ мевалар экспорти ҳажми оширилиши мумкин
Уммон Султонлигининг «Azhar» компанияси Ўзбекистондан ўрик, узум, шафтоли, олхўри, анжир ва бошқа қуритилган меваларни Яқин Шарқ минтақаси давлатларига экспорт қилишга тайёрлигини маълум қилди

Ўзбекистоннинг Уммон элчихонасида мамлакатда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар экспортини ошириш ҳамда маҳаллий корхоналар фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида «Azhar» компанияси раҳбари Солиҳ ал-Зажжалий билан учрашув ўтказилди. Бу ҳақда «Дунё» хабар берди.
Маълумот учун, «Azhar» белгиси остида Уммонда бир қатор хусусий клиникалар, соғлом турмуш тарзи ва органик маҳсулотлар истеъмолини тарғиб этувчи соғломлаштириш масканлари мавжуд.
Мазкур учрашув давомида ишлаб чиқарилаётган ва хорижга экспорт қилинаётган озиқ-овқат маҳсулотлари, хусусан, қуритилган меваларнинг сифати ва бу йўналишда фаолият олиб бораётган корхоналар ҳақида маълумот берилди.
Солиҳ ал-Зажжалийнинг айтишича, ҳозирги вақтда Ўзбекистонда мева-сабзавотларни етиштириш ва қайта ишлаш бўйича катта тажриба тўпланган ва бу маҳсулотларни экспорт қилиш учун етарлича салоҳият мавжуд. Улар ўзининг сифати ва таъми жиҳатидан араб бозорлари эътиборини тортмоқда.
Шу сабабли, Солиҳ ал-Зажжалий «Azhar» компаниясининг «соғлом овқатланиш» дастури доирасида келгусида Уммон ва Яқин Шарқ минтақаси давлатларига ўрик, узум, шафтоли, олхўри, анжир ва бошқа қуритилган меваларни экспорт қилиш истагини билдирар экан, бу маҳсулотларнинг тайёрланиш жараёнларини кўздан кечириш ва экспортчи компаниялар таклифларини ўрганиш мақсадида жорий йил ноябрь ойи охирида Ўзбекистонга боришни режалаштираёганини маълум қилди.





