Ўзбекистонда истеъмолчиларга шу кунгача тўлаб берилган кешбэк миқдори очиқланди
Амалиёт 2022 йил 1 январдан жорий этилган.

Ўзбекистонда истеъмолчиларга 15,1 миллиард сўм кешбэк тўлаб берилди. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 2022 йил 1 январдан амалиётга жорий этилган кешбэк тизими истеъмолчилар орасида тобора оммалашиб бормоқда. Буни чоп этилаётган чеклар сони ва йиғилаётган кешбэк суммаси мисолида кўриш мумкин.
Ушбу амалиёт доирасида дастлабки 86,7 минг нафар истеъмолчига 15,1 миллиард сўм кешбэк тўлаб берилди. Шу билан бир қаторда, январь ойи мобайнида 276 минг 302 та харид чекига ҳисобланган яна 5,4 миллиард сўмдан ортиқ кешбэк тўланмасдан қолмоқда.
Таъкидланишича, бунга 17 минг 517 та тадбиркорлик субъектларининг солиқ ҳисоботларидаги камчиликлар сабаб бўлмоқда. Жумладан, 2763 та тадбиркор (ҳисобланган кешбэк 2,6 миллиард сўм) ҳисоботларида чек маълумотлари тўлиқ акс эттирилмаган.
Шунингдек, 12 минг 406 та тадбиркор (ҳисобланган кешбэк 1,4 миллиард сўм) умуман ҳисобот топширмаган. Яна 2348 та тадбиркорнинг 1 миллион сўмдан юқори солиқ қарзи мавжуд (ҳисобланган кешбэк 1,4 миллиард сўм).
Қайд этилишича, тадбиркорлик субъектлари томонидан солиқ ҳисоботлари топширилиши, камчиликлар тузатилиши ҳамда уларнинг қарздорлиги камайиши бўйича кунлик ўзгаришлар реал вақт режимида инобатга олиниб, ҳисобланган кешбэк суммаси тасдиқланади.
Аввалроқ ДСҚ 15 мингдан ортиқ чек учун ҳисобланган кешбэк суммасини бекор қилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Солиқ ҳуқуқбузарликлари ҳақида хабар берган 15 кишига 9 миллион сўм тўлаб берилгани хабар қилинди.






