Ўзбекистонда «Ижтимоий ҳимоя обсерваторияси» модули ташкил этилади
Иқтисодиёт ва молия вазирлигида Халқаро меҳнат ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатлари бўйича минтақавий бюроси директори ҳамда вазир ўринбосари иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Унда ХМТ техник ва методологик кўмаги ёрдамида «Ижтимоий ҳимоя обсерваторияси» модулини ташкил этиш юзасидан фикр алмашилди

Иқтисодиёт ва молия вазирлигида 25 январь, чоршанба куни Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ)нинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатлари бўйича минтақавий бюроси директори Ольга Кулаева ҳамда вазир ўринбосари Жамшид Абруев иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, учрашувда вазирлик томонидан Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва давлат ижтимоий ҳизматлари тармоқларида бюджет сиёсати департаменти директори Гулнора Муродова, Халқаро молиявий муносабатлар департаменти директори Ажинияз Кайпназаров, Халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва протокол хизмати департаменти директори Шуҳрат Маткаримов ҳамда ХМТнинг Ўзбекистондаги миллий координатори Азизхон Хонхўжаев иштирок этди.

Даставвал ХМТ билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳаларнинг жорий ҳолати ва келгусидаги режалар юзасидан сўз юритилди. Хусусан, ХМТнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатлари бўйича минтақавий бюроси директори Ольга Кулаева томонидан Ўзбекистонда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар юқори баҳоланиб, ХМТ ва Ўзбекистон томонидан келишилган 2022–2023 йилларга муносиб меҳнат дастури доирасида ижтимоий ҳимоя соҳасида алоҳида ҳамкорлик йўналишлари юзасидан амалга оширилиши кутилаётган лойиҳаларга алоҳида тўхталиб ўтилди.

Учрашув давомида меҳмонларга мамлакатда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегиясини амалга ошириш борасида, ҳозирги кунда ижтимоий суғурта тизимини жорий этиш бўйича босқичма-босқич чоралар аниқ белгиланганлиги ҳамда Ижтимоий суғурта жамғармаси ташкил этилганлиги, шунингдек, ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тайинлаш ва тўлашнинг янги тартиби жорий этилаётганлиги юзасидан маълумот бериб ўтилди.

Томонлар ҳозирги кунда Ўзбекистон аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегиясининг мақсадли кўрсаткичлари бўйича маълумотлар мунтазам кузатилиб борилиши ва вазирликнинг веб-сайтида эълон қилинаётганлини таъкидлаб, келгусида ушбу вазифани самарали бажариш учун соҳада замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш имконини яратиш, маълумотлар таҳлилини рақамлаштириш юзасидан ХМТ техник ва методологик кўмаги ёрдамида «Ижтимоий ҳимоя обсерваторияси» модулини ташкил этиш юзасидан фикр алмашди.
Учрашув сўнгида томонлар аҳолини ижтимоий ҳимоя соҳасидаги лойиҳалар кўламини кенгайтириш ва ҳамкорликни янада кучайтириш юзасидан келишиб олди.






