Ўзбекистонда ижтимоий соҳа харажатларининг 45 фоизи таълимга йўналтирилади
Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси 2022 йил учун давлат бюджети қонунини муҳокама қилди.

Ўзбекистонда ижтимоий соҳа харажатларининг 45 фоизи таълим соҳасига йўналтирилади. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 13 декабрь куни Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтган. Унда Сенат аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган.

Мажлисда Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида кўриб чиқилиши назарда тутилган масалалар кўриб чиқилган. Хусусан, давлат бюджетининг 2021 йил 9 ойи ижроси, «2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги ва «Тадбиркорлик кунини белгилаш тўғрисида»ги қонунлари дастлабки тарзда муҳокама қилинган.
Қайд этилишича, ҳисобот даврида давлат бюджети даромадлари 116 триллион сўмни ташкил этиб, белгиланган 107 триллион сўм прогноз 108,4 фоизга ёки 9,0 триллион сўмга ошириб бажарилган. Даромадлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 21,6 триллион сўмга кўп бўлган.

Шунингдек, мажлисда «2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонунга мувофиқ давлат бюджети даромадларидан келиб чиқиб, 2022 йил учун давлат бюджети харажатлари ялпи ички маҳсулотга нисбатан 25,6 фоиз миқдорида белгиланаётгани ҳақида сўз борган.
Қонун билан ижтимоий соҳа харажатларининг қарийб 45 фоизи таълим соҳасига йўналтирилади. Хусусан, мактабгача таълим муассасаларига 8,6 триллион сўм, халқ таълимига 30,8 триллион сўм, ўрта махсус ва олий таълимга 7,5 триллион сўм маблағ ажратилмоқда.
Бундан ташқари, 2022 йилда Давлат бюджетидан соғлиқни сақлаш соҳасига (марказлашган инвестиция харажатлари билан бирга) 24,0 триллион сўм маблағ ёки 2021 йил тасдиқланган режага нисбатан 3,5 триллион сўм ёки 17 фоизга кўп маблағ ажратилиши кўзда тутилган.

Шу билан бирга, қўмита мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун кўриб чиқилган. Хусусий мулкни ҳимоя қилиш билан боғлиқ айрим муаммоли вазиятларни бартараф этиш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилига тадбиркорларнинг манфаатларининг бузилиши ҳолатлари бўйича айрим маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини бериш белгиланмоқда.
Аввалроқ Ўзбекистоннинг 2022 йил учун давлат бюджети тақсимланишидаги ўзгаришлар маълум қилингани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда 2022 йилги давлат бюджети харажатларининг таркиби маълум бўлгани хабар қилинди.






