Ўзбекистонда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантиришга 76 трлн сўм ажратилади
24 минг 213 та ўринга эга соғлиқни сақлаш муассасалари ишга туширилади.

Президентнинг «2022–2024 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Huquqiy axborot канали хабар берди.
Қайд этилишича, қарор билан 2022–2024 йилларда Ўзбекистоннинг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури қабул қилинган.
Дастур доирасида белгиланган йилларда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш учун жами 76 881,0 миллиард сўм ажратилади. Шунга кўра, мазкур йилларда жумладан қуйидаги ижтимоий ва ишлаб чиқариш объектларини ишга тушириш назарда тутилган:
- 54 минг 230 ўқув ўрни ва 8 358 ётоқ ўрнига эга олий таълим муассасалари;
- 259 минг 101 ўқув ўрнига эга, 248 та спортзалдан иборат умумтаълим, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар;
- 88 минг 310 ўринга эга мактабгача таълим ташкилотлари;
- 24 минг 213 ўринга эга соғлиқни сақлаш муассасалари.
Бундан ташқари, қарор билан Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш бўйича Республика комиссияси тузилган.
Республика комиссияси Дастурда иштирок этаётган вазирлик, идора, хўжалик бирлашмалари ва маҳаллий ҳокимликлар фаолиятини мувофиқлаштириб боради.
Дастурлар доирасида режалаштирилган маблағларни ички манбалар ҳисобидан жалб қилинган қарз маблағлари, хорижий кредитлар ва улар бўйича ҳисобланган фоиз тўловларини қоплашга, шунингдек, объектлар қуриш учун кредитлар ажратишга йўналтириш тақиқланади.
Қарорга кўра, 2022 йилдан:
- икки йил муддатга вазирликлар, идоралар ва маҳаллий ҳокимликларнинг маъмурий биноларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича янгидан бошланадиган лойиҳаларни (Президент қарорларига мувофиқ амалга ошириладиган, шунингдек, янгидан ташкил этиладиган шаҳар ва туманларда жойлашадиган лойиҳалар бундан мустасно) Ўзбекистоннинг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурларига киритиш тақиқланади;
- келгуси йиллар учун ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурларини шакллантириш жараёнларида кейинги йилларга ўтадиган лойиҳалар (объектлар) сони босқичма-босқич қисқартирилади ва уларни тегишли молиявий йилда фойдаланишга топшириш назарда тутилади.
- 2022 йилда якунланадиган таълим муассасалари объектлари — 15 августгача, соғлиқни сақлаш ва тиббий-ижтимоий муассасалар объектлари — 1 октябргача, ирригация ва мелиорация тизимлари объектлари — 1 декабргача фойдаланишга топширилади.






