Ўзбекистонда «Кексалар туризм ойлиги» муносабати билан чегирмалар эълон қилинди
Туризм ва спорт вазирлиги имтиёзлар бўйича «Kommers.uz»га маълумот берди

Ўзбекистонда ноябрь ойи «Кексалар учун туризм ойлиги» деб эълон қилиниши муносабати билан меҳмонхона ва умумий овқатланиш масканларидаги хизматлар учун ихтиёрий чегирмалар жорий этилди. Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги мабуот хизмати «Kommers.uz»га хабар берди.
Маълум қилинишича, «Кексаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури»га мувофиқ ноябрь ойи «Кексалар туризм ойлиги» деб эълон қилинди. Кексалар ойлигини муносиб ўтказиш, уларнинг дам олишларини мароқли ташкил этиш ҳамда ички туризмни ривожлантириш мақсадида республикадаги 223 та жойлаштириш воситаси (меҳмонхоналар ва меҳмон уйлари) хизматлари учун 50 фоизгача, 204 та умумий овқатланиш масканларидаги хизматлар учун 20 фоизгача ихтиёрий чегирмалар жорий этилди.
Шунингдек, Uzbekistan Airways томонидан 1–30 ноябрь кунлари республика ичидаги авиақатновларда 60 ёшдан юқори эркаклар ва 55 ёшдан юқори бўлган аёллар учун эконом ва бизнес тоифаларининг (LPR3M, UPR3M, SPR3M, OPR3M’дан ташқари) жорий нархларга 25 фоиз миқдорда ихтиёрий чегирмалар жорий этилган.
Бундан ташқари, ноябрь ойида «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ томонидан мамлакат ичидаги амалдаги тарифларга 10 фоиз миқдорда ҳамда Uzautotrans Service томонидан маҳаллий йўналишларда қатновчи автобус чипта нархларига 10 фоиз миқдорда ихтиёрий чегирмалар амал қилади.
Шу билан бирга, кексаларни зиёратгоҳ ва маданий мерос объектларига кириш учун Ўзбекистон Мусулмонлар идораси ҳузуридаги «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан Тошкент шаҳри, Самарқанд ва Хоразм вилоятларидаги 6 та зиёратгоҳга нафақа ва кекса ёшдаги фуқаролар учун 50 фоиз миқдорида чегирмалар белгиланган.
Маданий мерос агентлиги томонидан Қорақалпоғистон республикаси, Бухоро, Қашқадарё, Самарқанд, Сирдарё ва Хоразм вилоятларидаги 24 та маданий мерос объектларига кириш учун 20 фоиз миқдорда чегирмалар жорий этилган.
Хабарга кўра, Туризм ва спорт вазирлиги томонидан 14 ҳудуд бўйича зиёратгоҳлар ва қадамжоларни ўзаро боғлаган ички туризм саёҳат дастурлари ишлаб чиқилган. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан барча ҳудудлардан фуқаролар йиғинларидаги кекса авлод вакилларидан иборат фаолларни кенг жалб этиш бўйича тарғибот тадбирлари ўтказиб келинмоқда.
Аввалроқ Ўзбекистонда туроператор ва турагентларга ажратилган субсидиялар бўйича маълумот берилганди.






