Ўзбекистонда кўчмас мулкни баҳолашнинг янги методи синовдан ўтказилди
Жаҳон банки Ўзбекистондаги кўчмас мулкни рўйхатга олиш ва кадастр тизимидаги ислоҳотлар билан танишди

Ўзбекистон Молия вазирлигида 2021 йилнинг 16 ноябрь куни кўчмас мулкни рўйхатга олиш ва кадастр тизимини модернизация қилишга бағишланган давра суҳбати ўтказилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Жаҳон банкининг «Ўзбекистон Республикасида кўчмас мулкни рўйхатга олиш ва кадастр тизимини модернизация қилиш» лойиҳасини амалга оширишни қўллаб-қувватлаш бўйича миссияси доирасида Молия вазирлиги томонидан Жаҳон банки билан ҳамкорликда кўчмас мулк объектларини ҳисобга олиш, рўйхатга олиш ва баҳолаш, шунингдек, ер муносабатларини ислоҳ қилиш масалаларига бағишланган давра суҳбати ўтказилган.

Қайд этилишича, Молия вазирлиги давра суҳбати иштирокчилари билан Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида ўтказилган «тажриба-синов» кўчмас мулкни оммавий баҳолаш синовининг дастлабки натижалари билан бўлишган. 83 минг 108 кўчмас мулк объектларининг тест оммавий баҳоси бозор маълумотларига асосланган қиёсий ёндашув билан амалга оширилган.
Олинган дастлабки маълумотларга кўра, квартираларнинг амалдаги ва таклиф этилаётган кадастр қиймати ўртасидаги фарқ туман бўйича ўртача 5,3 баравар, якка тартибдаги уй-жойлар бўйича 4,2 бараварга тенг.
Шунингдек, амалдаги методика бўйича Дархон ва ТТЗ даҳаларида жойлашган хонадоннинг 1 м² деярли бир хил нархга эга (1,2–1,3 миллион сўм), аммо қиёсий ёндашувдан фойдаланганда 1 м² қиймати мос равишда 9,1 миллион сўм ва 5,4 миллион сўмни ташкил этган. Иштирокчилар амалиётда якка тартибдаги уй-жойлар ягона объект (ер участкаси ва уй) шаклида амалга оширилаётганини ва янги ёндашувда уларни ягона объект сифатида баҳолаш усули қўлланилишига аҳамият беришган.
Таъкидланишича, ислоҳотнинг мақсади — кўчмас мулкни солиққа тортишнинг янги ва адолатли тизимини яратиш, солиқ солинадиган база сифатида кадастр қийматини бозор қийматига имкон қадар яқинлаштириш орқали амалга оширилишига аҳамият қаратилган. Бунда янги кадастр қийматига ўтишда солиқ тушумларининг ўсишини таъминлаш режалаштирилмайди, яъни даромадларнинг умумий ўсиши солиқларни адолатли қайта тақсимлаш орқали солиқ ставкасининг миқдори билан тенглаштирилади.
Шу билан бирга, Жаҳон банки экспертлари бозор қийматидан келиб чиққан ҳолда солиққа тортиш кўплаб мамлакатларда қўлланиладиган кўчмас мулк объектларини адолатли солиққа тортиш элементларидан бири эканлигини таъкидлаган. Бундан ташқари, Жаҳон банки экспертлари ер муносабатлари ва ер ресурсларини бошқариш масалалари бўйича илғор халқаро тажрибалар билан ўртоқлашган.
Аввалроқ Президент қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер майдонларини хусусийлаштиришга оид қонун имзолагани хабар қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонда айрим тадбиркорларга мол-мулк ва ер солиқларини тўлашни 6 ойга кечиктириш ҳуқуқи берилиши ҳақида хабар берилди.






