Ўзбекистонда кўмир қазиб олиш ҳажми ошди
Йирик саноат корхоналари 2022 йилнинг биринчи ярмида 2,5 млн тонна кўмир қазиб олди.
Ўзбекистонда 2022 йилнинг биринчи ярмида кўмир қазиб олиш ҳажми 9,1 фоизга ошди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2022 йилнинг январь-июнь ойларида мамлакатда йирик саноат корхоналари томонидан 2,5 миллион тонна кўмир қазиб олинган.
Таъкидланишича, кўмир қазиб олиш ҳажми 2021 йилнинг мос даври билан солиштирилганда 9,1 фоизга ошган.
Аввалроқ Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг Қозоғистон Европа Иттифоқига кўмир етказиб бериш ҳажмини икки бараварга оширганди.
Унга кўра, Қозоғистон 2022 йилнинг дастлабки беш ойида Европага бутун 2021 йилга нисбатан кўпроқ кўмир жўнатган. Ойлик етказиб бериш 2022 йил бошида 140-200 минг тоннани, март ойидан бошлаб эса 300-400 минг тоннани ташкил этган. 2021 йил апрель ва май ойларида Қозоғистоннинг Европа Иттифоқига кўмир экспорти 60-70 минг тоннага тенг бўлган.
Қозоғистон кўмирни Европа мамлакатларига асосан денгиз (2022 йил 782 минг тонна юборган ва ўтган йили эса 240 минг тонна), темир йўл (мос равишда 635 минг ва 540 минг тонна) ва автомобиль йўллари (90 минг ва 8,2 минг тонна) орқали етказиб беради.