Ўзбекистонда мева-сабзавот лойиҳаларига 100 млн доллар ажратилади
Шавкат Мирзиёев камбағаллик ва ишсизликни қисқартириш бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказмоқда

Ўзбекекистонда камбағаллик ва ишсизликни қисқартириш борасида кўриладиган қатор чора-тадбирлар белгиланди. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев раислигидаги видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Маълум қилинишича, 2022 йилда камбағаллик ва ишсизликни қисқартириш борасида бир қатор чора-тадбирлар кўрилади. Жумладан, оилавий тадбиркорлик дастурлари, ишсиз аҳоли ва ёшларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, хизмат кўрсатиш соҳаларидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун 13 триллион сўм берилади.
Шунингдек, пахта ва ғалладан бўшайдиган 200 минг гектар майдоннинг 80 минг гектари аҳолига берилади. Мева-сабзавот лойиҳаларига 100 миллион доллар ва мева-сабзавот кластерларига 2 триллион сўм ресурс йўналтирилади.
Хабарга кўра, аҳоли бандлигини таъминлашда 500 минг гектардан зиёд томорқалардан самарали фойдаланиш учун келгуси йилда 100 миллион доллар йўналтирилади. Аҳоли томорқасида деҳқончиликни йўлга қўйиш учун банклар томонидан 7 фоиз ставкада имтиёзли кредитлар берилади.
Шу билан бирга, ҳоким ёрдамчилари бу имкониятлардан тўғри фойдаланиб, томорқаси бўлган хонадонларда 100 та парранда, 20 та қуён, 5–6 та қўй ва эчки, камида 5–10 та курка, 5 та асалари уялари боқилишини ташкил этишга кўмаклашиши лозимлиги кўрсатиб ўтилган.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев 2026 йилгача камбағалликни 2 баравар қисқартириш кўзда тутилаётганини айтгани хабар қилинганди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон аҳоли даромадлари ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторига чиқишини айтгани ҳақида хабар берилди.






