Ўзбекистонда октябрь ойида уй-жой ижара нархлари ошди
Бунда энг юқори ўсиш Тошкентда, энг паст ўсиш Хоразм вилоятида кузатилган. Шунингдек, уй-жойларни ижарага бериш хизматлари нархлари йил бошидан буён ўртача 20,9 фоизга ошган.

Ўзбекистонда бир ойда уй-жой ижара нархлари қанчага ошгани маълум қилинди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 2022 йилнинг октябрь ойида уй-жойларни ижарага бериш хизматлари нархлари сентябрь ойига нисбатан, яъни бир ойда ўртача 16,1 фоизга ошган.
Бунда энг юқори ўсиш Тошкентда, 51,6 фоиз қайд этилган бўлса, энг паст ўсиш 1 фоиз билан Хоразм вилоятида кузатилган. Шунингдек, уй-жойларни ижарага бериш хизматлари нархлари йил бошидан буён ўртача 20,9 фоизга ошгани кузатилган. Бу кўрсаткич 2021 йилнинг мос даврига нисбатан яъни йиллик нисбатда ўртача 24,2 фоизга ошган.
Аввалроқ Тошкентда россияликлар туфайли бир-икки хонали уйларнинг ижара нархи 1 500 долларгача кўтарилгани ҳақида хабар қилинганди. Бундан ташқари, Тошкентда уй-жойларнинг ижара нархи 1 млн сўмни ташкил қилиши айтилган. Талабаларга эса икки ойлик ижара ҳақи ҳеч қандай шартномасиз тўлаб берилиши маълум қилинган.




