Ўзбекистонда озиқ-овқат етказиб бериш хизмати нархининг ошаётганига нима сабаб бўлгани айтилди
Марказий банкнинг инфляция динамикаси бўйича шарҳи эълон қилинди.

Ўзбекистонда 2021 йилнинг сентябрь-ноябрь ойларида ёқилғи маҳсулотларининг қимматлашиши озиқ-овқат етказиб бериш хизмати нархининг ошишига сабаб бўлди. Бу ҳақда Марказий банк инфляция динамикаси бўйича эълон қилган шарҳида маълум қилди.
Марказий банк хабарига кўра, 2022 йил январь ойида хизматлар гуруҳидаги нархлар ўсиши 2021 йил декабрь ойига нисбатан 0,13 фоиз бандга тезлашган ва 0,7 фоизни ташкил этган.
Таъкидланишича, 2021 йилнинг сентябрь-ноябрь ойларида кузатилган ёқилғи маҳсулотлари қимматлашишининг таъсири озиқ-овқат маҳсулотлари ва ичимликларни етказиб бериш бўйича хизматлар нархи ўсишида акс этиши давом этмоқда.
Аввалроқ Ўзбекистонда озиқ-овқат ва хизматлар нархи бўйича аҳоли кутилмалари маълум бўлгани ҳақида хабар берилганди. Унга кўра, Ўзбекистон аҳолиси ва тадбиркорлик субъектлари 2022 йилда баъзи товар ва хизматларнинг нархи ошишини кутмоқда. Сўровнома иштирокчиларининг инфляцион кутилмалари 15,7 фоизни ташкил этган.






