Ўзбекистонда пенсия ва нафақалар оширилади. Уруш қатнашчиларига 15 млн сўмдан берилади
Президент пенсия ва нафақаларни 1 майдан 12 фоизга ошириш тўғрисида фармонни имзолади.
Ўзбекистонда 1 майдан пенсия ва нафақалар 12 фоизга оширилади, уруш қатнашчиларига 15 миллион сўмдан пул берилади. Президент 29 апрель куни тегишли фармонни имзолади.
Шавкат Мирзиёев раислигидаги йиғилишда кекса ёшдаги ҳамда эҳтиёжманд аҳолини моддий қўллаб-қувватлаш ишлари давом эттирилиши таъкидланди.
Президент пенсия ва нафақаларни 1 майдан 12 фоизга ошириш тўғрисида фармонни имзолади. Шунингдек:
- энг кам пенсия оладиган 725 минг нафар аҳолининг пенсияси 14 фоизга оширилади (440 минг сўмдан 500 минг сўмга);
- 9 май арафасида уруш қатнашчилари, концлагерлар маҳбуслари ва Ленинград қамалида бўлган фуқароларга 15 миллион сўмдан берилади.
Мутасаддиларга:
- ёлғиз яшаётган ва ўзгалар парваришига муҳтож одамлардан шахсан хабар олиб, уларга совға-саломларни етказиш;
- уруш қатнашчилари, концлагерлар маҳбуслари ва Ленинград қамалида бўлган фуқароларнинг ҳар бирининг хонадонига шахсан бориб, пул мукофоти ва қимматбаҳо совғаларни тантанали равишда топшириш;
- 10 минг нафар фронт ортида меҳнат қилган фахрийлар билан шахсан учрашиб, ҳолидан хабар олиш ва совға-саломлар етказиш топширилди.
Маълумот учун, 2022 йил Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига трансфертлар 14 триллион сўмга етиши кутилмоқда. Молия вазирлигининг «Фуқаролар учун бюджет — 2022» (лойиҳа) нашрида Пенсия жамғармаси тақчиллигининг кескин ошиб кетганини кўриш мумкин. Солиқ ва бошқа тўловлардан тушадиган маблағлар Пенсия жамғармаси харажатларини тўлиқ қопламаслиги сабабли давлат бюджетидан алоҳида 14 триллион сўм йўналтирилади.