Ўзбекистонда қамоқдан чиққанларга 9 млн сўмдан ортиқ ёрдам пули берилади
Ёрдам пуллари ушбу масаласини кўриб чиқувчи идоралараро доимий комиссияларнинг қарорлари асосида берилади.
Ўзбекистонда озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаб бўлган фуқароларга 9 миллион 200 минг сўмдан ёрдам пули берилади. Бу ҳақда Президент қарори билан тасдиқланган «Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаб бўлган фуқароларнинг ижтимоий мослашувига кўмаклашиш бўйича ‘дастлабки ижтимоий-моддий ёрдам пакети’ни бериш тартиби тўғрисида»ги низомда сўз боради.
Ёрдам пули ҳар бир кўмак олувчига унинг ижтимоий мослашувига кўмаклашиш учун тадбиркорлик, меъморчилик, ҳунармандчилик каби йўналишлардаги лойиҳаларини амалга ошириш учун бир марта берилади. Маблағ меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 10 баравари — 9 миллион 200 минг сўмни ташкил этади.
Ёрдам пуллари ушбу масаласини кўриб чиқувчи идоралараро доимий комиссияларнинг қарорлари асосида берилади.
Кўмак олувчилар жазони ўтаб бўлганидан кейин 3 ой муддатда ишчи органга ўз лойиҳасини илова қилган ҳолда ариза тақдим этади.
Лойиҳани молиялаштириш мақсадга мувофиқлиги юзасидан хулосани тайёрлаш қуйидаги мезонларга асосланади:
- бошламоқчи бўлган тадбиркорлик, меъморчилик ёки ҳунармандчилик фаолиятининг натижадорлиги ва даромадли экани;
- маҳалла фуқаролар йиғинининг ижобий тавсияси;
- кам таъминланган ёки ёлғизлиги;
- қарамоғида ногиронлиги бўлган ёки вояга етмаган фарзанди борлиги;
- кўп (4 ва ундан ортиқ) фарзанди борлиги ва моддий кўмакка муҳтожлиги;
- нотурар жойларда истиқомат қилаётгани.
Эслатиб ўтамиз, 9 май арафасида уруш қатнашчилари, концлагерлар маҳбуслари ва Ленинград қамалида бўлган фуқароларга 15 миллион сўмдан берилиши маълум қилинди.
Шунингдек, 1 майдан пенсия ва нафақалар 12 фоизга оширилади. Энг кам пенсия оладиган 725 минг нафар аҳолининг пенсияси 14 фоизга кўтарилади (440 минг сўмдан 500 минг сўмга).
Ўзбекистон фахрийлари бошқа мамлакатлар билан солиштирганда нисбатан кўпроқ тўловлар олиши маълум бўлди.