Ўзбекистонда сабзи нархи минимал даражага тушди
Сабзи нархи 2021 йил июнь ойи билан таққосланганда 4–5 баробаргача тушди

Ўзбекистонда ноябрь ойидаги сабзи нархи 2021 йил июнь ойи билан таққосланганда 4–5 баробаргача тушди. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Погнозларга кўра, 2022 йил баҳорида кутиладиган янги ҳосилга қадар сабзининг нархи шу даражада сақланиб қолади.
«Вазирлик ва тегишли ташкилотлар томонидан сабзи нархини барқарорлаштиришга қаратилган тегишли чора-тадбирлар орасида қуйидагиларни алоҳида таъкидлаб ўтиш мумкин: ушбу экин экиладиган майдонларни кўпайтириш, юқори ҳосилли навларни экиш, шунингдек, суғориш технологияларини қўллаш ва касаллик ҳамда зараркунандаларга қарши ўз вақтида кураш чоралари каби сифатли агротехник ишлар шулар жумласидан», дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, 2021 йилда сабзининг ўртача ҳосилдорлигини бир гектардан 20–25 тоннадан 30–40 тоннагача миқдорда ошириш имконияти яратилган. Шу тариқа, 1 килограмм сабзининг таннархи фермер хўжаликларида 700–800 сўмгача арзонлашган.
Хабарга кўра, 20 июнь ҳолатида 1 килограмм сабзининг ўртача чакана нархи 6–10 минг сўмни ташкил этган бўлса, октябрь-ноябрь ҳолатида 2 минг сўмгача тушган. Даланинг ўзидаги ўртача харид нархи эса 1 килограмм сабзи учун 1000–1500 сўм атрофида.
Аввалроқ жаҳон бўйлаб озиқ-овқат нархи 10 йил ичидаги максимал даражадан ошиб кетгани ҳақида хабар берилганди.






