Ўзбекистонда саёҳат харажатларининг бир қисмини қайтариб олиш имкони яратилди
Саёҳат харажатлари фақатгина платформа орқали амалга оширилган ички саёҳатлар учун унинг якуни билан маҳаллий туристларнинг банк карталарига қайтарилади

Ўзбекистонда 2022 йилнинг сентябрь ойидан бошлаб сайёҳлар «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» дастури доирасида ишга туширилган «Саёҳат учун кешбэк» платформаси орқали республика бўйлаб саёҳат қилиб, сарфлаган харажатларининг бир қисмини қайтариб олиш имконига эга.
Кешбэк олиш тартиби қандай?
Бунинг учун Сиз қуйидагича йўл тутишингиз керак:
1-қадам. Apple App Store ёки Google Play market платформаларидан «Soliq.uz» мобил иловасини юклаб оласиз;
2-қадам. Мобил илова хизматидан фойдаланиш учун тизимда шахсингизни тасдиқлайсиз ёки суратдаги каби исм-фамилиянгиз ва телефон рақамингизни ёзиб, рақамингизга келган кодни киритасиз;
3-қадам. Иловадан «Саёҳат учун кешбэк» хизматини топасиз;
4-қадам. Саёҳат йўналишини ва саналарини танлайсиз (ўзингиз борадиган жой ва санани белгилайсиз);
5-қадам. Кешбэкларни йиғиш учун фискал чекларни сканерлаш орқали авиа, темир йўл ёки автобус чипталарини иловага киритасиз;
6-қадам. Саёҳат давомида ўзингиз жойлашган жойлашув маскани тарафидан тақдим қилинган QR-кодли чекни сканерлаш орқали иловага киритасиз;
7-қадам. Саёҳат давомида камида 1 дона маданият масканига ташриф буюриб, маданият маскани тарафидан тақдим қилинган QR-кодли чекни сканерлаш орқали иловага киритасиз;
8-қадам. Мароқли саёҳатдан сўнг «Саёҳатни тугатиш» тугмасини босасиз ва йиғилган кешбэк суммаларини шахсий маҳаллий банк пластик картасига ўтказасиз.
Унутманг! Кешбэк тизими Давлат солиқ қўмитасининг махсус мобил иловаси («Soliq.uz») платформаси имкониятлари асосида ташкиллаштирилган бўлиб, харажатлар ҳаққонийлиги мобил илова ёрдамида текширилиб, харид чекининг матрицали штрих кодини (QR-код) кўрсатиш орқали саёҳатлар рўйхатдан ўтказилади.
Қайси харажатларга кешбэк берилади?
Саёҳат харажатларини қайтариш саёҳат қилиш давомида бир вақтнинг ўзида қуйидагилар назарда тутилган ҳолда амалга оширилади:
- авиа, темирйўл ва автобусдан фойдаланиш;
- жойлаштириш воситалари хизматларидан фойдаланиш;
- маданият ташкилотларига ташриф буюриш.
Кешбэк миқдори қанча?
- авиақатнов орқали бориб-келиш чиптаси нархининг 15 фоизи, лекин 150 минг сўмдан ошмаган миқдорда;
- темирйўлда ёки автобусда бориб-келиш чиптаси нархининг 15 фоизи, лекин 80 минг сўмдан ошмаган миқдорда;
- жойлаштириш воситасида тунаб қолиш харажатининг 15 фоизи, лекин 80 минг сўмдан ошмаган миқдорда;
- театр, музей, цирк ва бадиий галереяларга ҳар бир ташриф чиптаси нархининг 50 фоизи, лекин 20 минг сўмдан ошмаган миқдорда.





