Ўзбекистонда тадбиркорлар учун молиявий саводхонлик бўйича таълим дастурлари ва лойиҳалари ишлаб чиқилади
Марказий банк молиявий саводхонлик йўналишида IT-Park (“Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки дирекцияси” МЧЖ) билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолади. Меморандумда аҳоли ва тадбиркорлар молиявий саводхонлигини ошириш таълим дастурлари, тадбирлари ва лойиҳаларини амалга ошириш кўзда тутилган

Марказий банк молиявий саводхонлик йўналишида IT-Park (“Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки дирекцияси” МЧЖ) билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолади. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, молиявий таълимни ривожлантириш соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида имзоланган мазкур меморандум Ўзбекистонда ёшлар ва аҳолининг рақамли молиявий саводхонлигини ошириш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштиради.
IT-Park IT-тадбиркорлик, стартап экотизими, рақамли саводхонлик ва IT-маданияти ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш соҳасидаги етакчи ташкилот сифатида ёшларнинг қизиқишини рағбатлантириш, шунингдек, аҳолининг компьютер ва рақамли саводхонлигини ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Меморандумда аҳолининг рақамли молиявий саводхонлик ва молиявий хизматлар ҳақида хабардорлик даражасини қуйидагилар орқали ошириш кўзда тутилган:
- рақамли технологиялар ва хизматлардан хавфсиз ҳамда самарали фойдаланиш бўйича онлайн ўқув материалларни ишлаб чиқиш;
- ўқув курслар, анъанавий ва онлайн тадбирлар, шу жумладан вебинар, семинар, ва давра суҳбатлари ташкил этиш;
- аҳоли ва тадбиркорлар молиявий саводхонлигини ошириш таълим дастурлари, тадбирлари ва лойиҳаларини амалга ошириш.






