Ўзбекистонда тамаки маҳсулотларини рақамли маркировкалаш яширин бозорни легаллаштиришга ёрдам беради
Рақамли маркировкалаш тамаки бозорини «соя»дан олиб чиқиб, солиқ тушумларини оширади. Акциз тўланадиган товарлар (шу жумладан тамаки маҳсулотлари) учун тўловлар умумий бюджетининг тахминан 10 фоизини ташкил қилиб, давлат томонидан молиялаштириладиган ва амалга оширилаётган ижтимоий лойиҳалар сонини оширади

Ўзбекистонда 2021 йил тамаки маҳсулотлари сегменти учун бозорни рақамлаштириш билан бошланди. Вазирлар Маҳкамасининг 833-сон қарорига мувофиқ, 2021 йил 1 январдан бошлаб республика ҳудудида ишлаб чиқарилган ва (ёки) олиб кирилаётган барча тамаки маҳсулотлари (сигареталар) махсус Data Matrix коди билан маркировкаланиши шарт, тамаки маҳсулотларининг бошқа турлари ва альтернатив никотин етказиб бериш тизимлари (снюс, электрон сигареталар ва никотинни ўз ичига олган маҳсулотлар) 2022 йил 1 октабрдан бошлаб маркировкаланади.

Ушбу қарорга мувофиқ, тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи икки йирик завод — UzBAT ҚК АЖ ва Tashkent Tobacco МЧЖ рақамли маркировкалашни жорий этишга масъулият билан ёндашиб, ишлаб чиқаришни модернизация қилиб, бутун маҳсулот линияси учун маркировкалаш кодларини ўрнатган.

Маълумот учун, маркировкалаш нафақат ишлаб чиқарилган, балки импорт қилинадиган маҳсулотларни ҳам рақамлаштиришни назарда тутади. Шу сабаб импорт қилувчилар ҳамда улгуржи ва чакана савдо корхоналари учун маркировкаланмаган қолдиқларни сотиш ва тамаки маҳсулотларини фақат Data Matrix кодлари билан сотишга ўтиш учун 9 ой (2021 йил 1 сентабргача) вақт ажратилди. Тизим улгуржи ва чакана савдо корхоналарининг бухгалтерия ҳисобини ташкил этишга ёрдам беради — тизим ишга туширилгандан сўнг товар айланмаси иштирокчилари сони сезиларли даражада ошади.
«2021 йил 1 октабр ҳолатига кўра, маркировкалаш тизимида рўйхатга олинган тамаки маҳсулотларининг улгуржи ва чакана савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари сони 5,2 мингтани, 2022 йил 1 октабр ҳолатига кўра 6,7 мингдан ортиқ корхоналарни ташкил этди. Бу эса рақамли маркировкалаш жорий этилганидан сўнг савдо айланмасининг юридик иштирокчилари рўйхати деярли 30 фоизга ошганини англатади», — деб бозордаги вазиятни изоҳламоқда «Тамаки маҳсулотлари» товар гуруҳи менежери Фазлиддин Сайдуллаев.
Маркировкаланган маҳсулотларни сотиш учун чакана савдо шахобчаларида сканерлар ва онлайн назорат-касса аппаратлари бўлиши керак — улар мавжуд бўлгандагина фискал (касса) чекини тўғри расмийлаштириш ва товарларни муомаладан чиқариш мумкин. Бу маҳсулотни код орқали ишлаб чиқарувчидан охирги фойдаланувчигача бўлган ҳаракатини кузатиш ва ноқонуний маҳсулотларни аниқлаб, муомаладан чиқаришга ёрдам беради.
«Онлайн назорат-касса аппаратлари орқали маркировкаланган тамаки маҳсулотларини чакана савдоси (муомаладан чиқариш) ҳажми сезиларли даражада ошиб бормоқда: агар 2021 йил давомида муомаладан 1,9 миллион маркировкалаш кодлари чиқарилган бўлса, 2022 йилнинг январь-сентябрь ойларида бу кўрсаткич 63,9 миллионга етди, яъни 33 баробар кўпроқ. Бу товарларнинг қонунийлигини текшириб, сотувчилардан касса чекларини талаб қилувчи аҳоли ўртасида истеъмолчи саводхонлиги ошгани билан ҳам боғлиқ», — деб қўшимча қилмоқда Фазлиддин Сайдуллаев.
2022 йил январь-август ойларида йирик корхоналар томонидан, ҳусусан UzBAT ОАЖ томонидан тамаки маҳсулотларини етиштиришнинг энг катта улуши Самарқанд вилоятига тўғри келди (81,7 фоиз), ишлаб чиқариш ҳажми 6084,1 минг тоннани ташкил этган. Бозорнинг иккинчи йирик ишлаб чиқарувчиси Tashkent Tobacco МЧЖ рақамли маркировкалаш ёрдамида экспорт ҳажмини оширишга эришган.
«Биз Ўзбекистонда 2021 йилнинг январь ойидан бошлаб рақамли маркировкани жорий қилганимиз сабаб, Қирғизистонда рақамли маркировка ишга туширилгунга қадар (сентабр ойи) Қирғизистон операторидан маркировкалаш кодлари ва агрегация кодларини олиш учун барча зарур жиҳозларга эга бўлдик. Бу бизга ишлаб чиқариш ҳажмини сақлаб қолиш, бундан ташқари оширишга ёрдам берди. Ўзбекистон бу тизимни ўз вақтида жорий қилиб, ишлаб чиқарувчилар ва импортчиларни даврнинг янги талабига тайёрлади. Рақамли маркировкалаш тизими бизга нафақат экспортимизни сақлаб қолишга, балки уни оширишга ҳам ёрдам берди», — дейди Tashkent Tobacco компаниясининг рақамли технологияларни ривожлантириш бўлими бошлиғи Муроджон Холматов.
Маълумот учун, рақамли маркировкалаш тамаки бозорини «соя»дан олиб чиқиб, солиқ тушумларини оширади. Акциз тўланадиган товарлар (шу жумладан тамаки маҳсулотлари) учун тўловлар умумий бюджетининг тахминан 10 фоизини ташкил қилиб, давлат томонидан молиялаштириладиган ва амалга оширилаётган ижтимоий лойиҳалар сонини оширади.
Давлат статистика қўмитаси Ўзбекистонда 2022 йил август ойида йирик саноат корхоналари томонидан 948,8 миллион дона тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқарилгани, январь-август ойларида 7450,4 миллион дона тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 117,6 фоизга ўсиш кузатилгани ҳақида хабар берганди.




