Ўзбекистонда темир йўллардан йилда бир марта бепул фойдаланиш ҳуқуқи кимларга берилади?
Уруш қатнашчилари ва уларга тенглаштирилганлар йилда бир марта 50 фоиз чегирма билан юриш ҳуқуқига эга.
Ўзбекистонда бир қатор фуқароларга темир йўллардан йилда бир марта бепул фойдаланиш ҳуқуқи тақдим этилади. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Huquqiy axborot канали хабар берди.
Маълум қилинишича, темир йўлларда йилига бир марта бепул юриш ҳуқуқи (бориш ва келишга) бир қатор фуқароларга тақдим қилинган. Булар қаторига Совет Иттифоқи Қаҳрамонлари ва Шон-шуҳрат орденининг учта даражаси билан тақдирланган шахслар киради.
Шунингдек, ярадор бўлган ҳарбий хизматчилар, ишчилар ва хизматчилардан 1 ва 2-гуруҳ уруш ногиронлари ва уларга тенглаштирилган шахслар ҳам темир йўллардан бепул фойдаланиши мумкин. Бундан ташқари, Чернобиль АЭСдаги аварияни бартараф этувчилари-ногиронларига ҳам имтиёз тақдим этилади.
Шу билан бирга, 3-гуруҳ уруш ногиронлари, уруш қатнашчилари ва уларга тенглаштирилган шахслар темир йўлларда чиптанинг эллик фоиз чегирмалари билан йилига бир марта юриш ҳуқуқига эга.
Аввалроқ Янги йил байрами арафасида «Афросиёб» поезди қатнови кўпайтирилиши хабар қилинганди.