Ўзбекистонда тўқимачилик соҳаси учун солиқ ва божхона маъмурчилиги енгиллаштирилади
Ҳудудлар ва саноат тармоқларининг экспорт салоҳиятини ошириш учун божхона ҳудудида қайта ишлаш тизими соддалаштирилади.
Ўзбекистонда тўқимачилик соҳаси учун солиқ ва божхона маъмурчилиги енгиллаштирилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев раислигидаги йиғилишда маълум қилинди.
Таъкидланишича, ҳудудлар ва саноат тармоқларининг экспорт салоҳиятини ошириш учун божхона ҳудудида қайта ишлаш тизими янада соддалаштирилади.
Хусусан:
- тўқимачилик саноатида хом ашёни божхона ҳудудида қайта ишлашни божхона тўловлари бўйича таъминотсиз амалга оширишга рухсат берилади;
- олиб келинган хом ашёдан божхона ҳудудида қайта ишлаб чиқарилган товарни «экспорт» режимида олиб чиқиш мумкин бўлади.
Шунингдек, тўқимачилик саноати учун мамлакатимизда ишлаб чиқарилмайдиган совутиш ускунаси, йигирув «бочок»лари каби товарлар учун уч йил муддатга божхона имтиёзлари тақдим этилади.
Шу билан бирга, экспорт контрактлари бўйича келиб тушмаган маблағлар 5 фоиздан ошмаса, улар муддати ўтган қарздорлик сифатида ҳисобга олинмайди.
Аввалроқ Президент тўқимачилик Ўзбекистонга кам харажат билан олтиндан ҳам кўп даромад келтирадиган соҳа эканини айтганди.
Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2022 йилнинг январь-апрель ойларида Ўзбекистондан қиймати 1,1 миллиард долларга тенг тўқимачилик маҳсулотлари экспорт қилинган.
Бу умумий экспорт ҳажмининг 15,1 фоизини ташкил этиб, 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 24 фоизга ўсган.