Ўзбекистонда вазирлик ва идоралар раҳбарлари ўринбосарлари сони 30 фоизга қисқартирилади
Президентнинг «Республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини самарали йўлга қўйишга доир биринчи навбатдаги ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони имзоланди. Фармонга мувофиқ, вазирлик ва идоралар раҳбарлари ўринбосарлари сони 207 нафардан 144 нафаргача (-63) ёки 30 фоизга қисқартирилмоқда

Президентнинг «Республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини самарали йўлга қўйишга доир биринчи навбатдаги ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони имзоланди. Бу ҳақда Kommers.uz мухбири хабар берди.
Фармонга мувофиқ, вазирлик ва идораларда бюджет ва нобюджет маблағларидан молиялаштириладиган жами 17 447 та бошқарув ва ишлаб чиқариш штат бирлиги қисқартирилмоқда (умумий сонга нисбатан
24 фоиз). Шу жумладан, вазирлик ва идоралар раҳбарлари ўринбосарлари сони 207 нафардан 144 нафаргача (-63) ёки 30 фоизга қисқартирилмоқда.
Шунингдек, дастлабки ҳисоб-китобларга мувофиқ, 703 та автотранспорт воситаси ва 10 та бино бўшамоқда. Мазкур чора-тадбирлар натижасида:
- штатлар сонини қисқартириш ҳисобига 1,5 триллион сўм;
- автотранспорт воситалари сонини қисқартириш ҳисобига (шу жумладан, ёқилғи-мойлаш, шиналарни алмаштириш харажатлари) 70 миллиард сўм бюджет маблағлари иқтисод қилинмоқда.
Вазирлик ва идораларда ходимларнинг умумий чекланган сони 56 573 нафар этиб белгиланмоқда.






