Ўзбекистонда ЯИМ ҳажми 74 млрд доллардан ошиши прогноз қилинди
Прогноз Ҳисоб палата томонидан тақдим этилган бюджетнома бўйича берилган

Ўзбекистонда 2022 йил ялпи ички маҳсулот ҳажми 74,2 миллиард долларга етиши мумкин. Бу ҳақда Ҳисоб палатасининг 2022 йилги давлат бюджети юзасидан берган хулосасида сўз боради.
Палата томонидан тақдим этилган бюджетнома бўйича 2022 йилдаги ялпи ички маҳсулот ҳажми 839 триллион 989,5 миллиард сўм ёки 74,2 миллиард долларни, унинг аҳоли жон бошига миқдори 23,8 миллион сўм ёки 2,1 минг долларни ташкил этиши режалаштирилмоқда. 2022 йилда реал ўсиш суръати 5,9 фоизни ташкил этиши прогноз қилинмоқда.
Прогноз қилинаётган ялпи ички маҳсулот ҳажмининг таркибида қўшилган қиймат миқдори 778 триллион 153,6 миллиард сўм (ЯИМнинг 92,6 фоизи) ҳамда маҳсулотлар ва экспорт-импорт операциялари ҳисобидан олинган соф солиқлар тушуми 61 триллион 865,9 миллиард сўмни (7,4 фоиз) ташкил этмоқда. Тармоқлар кесимида қўшилган қийматнинг энг катта улуши (35,8 фоиз) хизматлар кўрсатиш соҳасига тўғри келиб, ушбу тармоқ бўйича яратилган қўшилган қиймат ҳажми 300 триллион 351 миллиард сўмни ташкил этиши режалаштирилмоқда.
Шунингдек, ушбу кўрсаткич саноат бўйича 217 триллион 683,5 миллиард сўм (25,9 фоиз), қурилиш бўйича 52 триллион 516,3 миллиард сўм (6,3 фоиз) ва қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги бўйича 207 триллион 602,8 миллиард сўм (24,7 фоиз) миқдорида бўлиши кутилмоқда. Кутилаётган реал ўсиш миқдори қурилиш бўйича 8,1 фоизни, саноат бўйича 7,0 фоизни, хизматлар бўйича 6,5 фоизни, қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги бўйича 3,1 фоизни ҳамда маҳсулотлар ва экспорт импорт операциялари ҳисобидан олинган соф солиқлар 7,4 фоизни ташкил этмоқда.
Аввалроқ Ўзбекистонда доллар курси 11 321 сўмгача кўтарилиши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.






