Ўзбекистонда январь-октябрь ойларида солиқ тушумлари ҳажми ошди
Солиқ тушумлари 2021 йилга нисбатан ўсганлиги қайд этилди. Бундан ташқари, йил якунигача ушбу ўсиш даражасини сақлаб қолиш чоралари кўрилди

Республикада 2022 йилнинг январь-октябрь ойларида давлат бюджетига 123,8 триллион сўмлик солиқ тушумлари амалга оширилди. Бу ҳақда Давлат Солиқ қўмитаси хабар берди.
Кайд этилишича, 2022 йилнинг 4 ноябрь куни Давлат солиқ қўмитаси раиси раҳбарлигида қўмитанинг навбатдаги ҳайъат мажлиси ўтказилди.
Йиғилиш давомида йирик солиқ тўловчиларга фойда ва ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкасининг пасайтирилганлиги, амортизация ажратмалари нормалари – ўртача 2 баробарга, 1 марталик инвестициявий чегирма миқдори – 2 баробарга, фаолият натижасида кўрилган ва келгуси даврга ўтказиладиган зарарларнинг чекланган миқдори жорий солиқ даври базасининг 60 фоизидан 100 фоизигача оширилганлиги айтилди.
Маълум бўлишича, 2022 йилнинг январь-октябрь ойларида давлат бюджетига 123,8 триллион сўмлик солиқ тушумлари амалга ошиоилди. Бу 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 18,4 триллион сўмга кўпайган. Давлат солиқ бошқармаларида тушумларнинг ўсиши 33 фоизга етган.
Шунингдек, айланмадан олинадиган солиқ тушумлари 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 140 фоиз, ҚҚС 133 фоиз ва фойда солиғи тушумлари (Навоий ва Олмалиқ КМКларидан ташқари) 156 фоизга ўсганлиги қайд этилиб, 2022 йил якунигача ушбу ўсиш даражасини сақлаб қолиш чоралари муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, йўл қўйган жиддий хато камчиликлари учун Фарғона, Қашқадарё, Тошкент вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаси ДСБларининг 4 нафар масъуллари махсус унвонларидан маҳрум этилиб, улар билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинди.
Аввалроқ Ўзбекистонда сўнгги икки ойдаги солиқ тушумлари ҳажми салкам 21 фоизга ошгани ҳақида хабар берилганди. Бунга кўра, Сирдарё (52 фоиз), Бухоро (45,2 фоиз), Наманган (40,6 фоиз), Фарғона (40,4 фоиз), Қашқадарё (39,8 фоиз) вилоятларида ва Тошкент шаҳрида (62 фоиз) солиқ тушумларининг сезиларли ўсиши қайд этилганди.






