Ўзбекистонда замонавий электропоездлар сотиб олиш учун халқаро тендер эълон қилинди
Республика бўйича 10 та мавжуд йўналишларда қўшимча янги поездлар қатнови йўлга қўйилади. Шунингдек, 8 та йўналишда янги темир йўл қатнови ташкил этилади

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ 34 та замонавий электропоездлар сотиб олиш бўйича халқаро тендер эълон қилди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, тендер электропоездларга техник хизмат кўрсатиш учун зарур бўлган асбоб-ускуналарни етказиб бериш, шунингдек, кадрлар тайёрлашни ҳам ўз ичига олади.
Янги электропоездларни харид қилиш бўйича ҳозирда Stadler, Skoda, Talgo, Hyundai, CAF, Siemens, Alstom, Hitachi, Pesa, CRRC-Dalian каби компаниялари билан музокаралар олиб бормоқда.
Шунингдек, 34 та замонавий электропоездларнинг харид қилиниши натижасида 8 та янги йўналишларда темир йўл қатновлари ташкил этилиши режалаштирилмоқда. Булар:
• Тошкент – Жиззах – Тошкент;
• Тошкент – Келес – Тошкент;
• Навоий – Бухоро – Навоий;
• Самарқанд – Жиззах – Самарқанд;
• Самарқанд – Шаҳрисабз – Самарқанд;
• Самарқанд – Қарши – Самарқанд;
• Андижон – Хонобод – Андижон;
• Нукус – Хива – Нукус.
Янги йўналишларда темир йўл қатновининг йўлга қўйилиши натижасида бир йилда 5 миллион 925 минг 500 нафар йўловчига хизмат кўрсатилади.
Шу билан бирга, Тошкент – Хожикент – Тошкент, Тошкент – Ангрен – Тошкент, Наманган – Андижон – Наманган, Қўқон – Андижон – Қўқон, Тошкент – Гулистон – Тошкент, Тошкент – Бекобод – Тошкент, Термиз – Сариосиё – Термиз, Қарши – Бухоро – Қарши, Бухоро – Хива – Бухоро, Самарқанд – Бухоро – Самарқанд каби 10 та мавжуд йўналишларда қўшимча поездлар қатнови йўлга қўйилади.






