Ўзбекистондаги қишлоқларда янгидан ўрнатиладиган алоқа оператори станциялари айрим солиқлардан озод этилади
Шавкат Мирзиёев хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берди.

Ўзбекистондаги қишлоқларда янгидан ўрнатиладиган алоқа оператори станциялари мол-мулк ва ер солиғидан озод этилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилаётган хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар натижадорлиги ҳамда келгусидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида хабар берилди.
Маълум қилинишича, йиғилишда аҳоли сони, географик жойлашуви, иқтисодий салоҳиятидан келиб чиқиб ҳудудларда хизматларнинг 3 та йўналишда ривожлантирилиши қайд этилган.
Хусусан, биринчи йўналишда хизматлар 158 та қишлоқ туманларининг ихтисослашувидан келиб чиқиб ривожлантирилади. Шунингдек, йирик туристик объектлари мавжуд 45 та ҳамда 40 та тоғли ва тоғолди туманда «тайёр лойиҳа» асосида туризм хизматлари йўлга қўйилади.
Бундан ташқари, янги меҳмонхона, дам олиш масканлари уч йил давомида мол-мулк ва ер солиғини 2 баравар паст ставкада тўлайди. Шу билан бирга, туризм соҳаси учун махсус солиқ режими жорий этилиб, уч йил давомида айланмадан олинадиган солиқ ва ижтимоий солиқ 1 фоиз ставкада, мол-мулк ва ер солиқлари эса ҳисобланган суммадан 1 фоизи миқдорида белгиланади.
Шунингдек, оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида меҳмон уйларини ташкил этиш ва таъмирлаш учун ҳам имтиёзли кредит ажратилади. Қишлоқларда янгидан ўрнатиладиган алоқа оператори станциялари мол-мулк ва ер солиғидан озод этилади. Базавий станциялардан биргаликда фойдаланиш ҳуқуқи берилади.
Аввалроқ ДСҚ ижарада яшовчи талабаларда солиқ мажбурияти юзага келмаслигини маълум қилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Оролбўйи минтақасидаги тадбиркорларга 10 йиллик солиқ имтиёзлари берилиши хабар қилинди.






