Ўзбекистондаги туманларда Тадбиркорлар кенгаши ташкил этилади
Маҳаллалардаги «ҳоким ёрдамчилари» билан ўзаро самарали ҳамкорлик тизимини йўлга қўйилади.

Ўзбекистондаги туман ва шаҳарларда тадбиркорликка кўмаклашадиган тузилмалар негизида Тадбиркорлар кенгаши ташкил этилади. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси лойиҳасида сўз боради.
Қайд этилишича, худудларда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш бўйича мавжуд тузилмалар фаолиятини такомиллаштириш кўзда тутилмоқда.
Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги, Давлат хизматлари агентлиги, Тадбиркорларнинг жамоатчилик кенгашлари ҳамда бошқа давлат органларининг бир-бирини такрорловчи, самарасиз ва декларатив функциялари бекор қилинади.
Бошқарув вертикали ҳамда ўзаро ҳамкорликда ишлаш бўйича аниқ вазифалар тақсимоти ишлаб чиқилади. Юклатилган вазифаларни самарали амалга ошириш учун зарур ваколат ва механизмларни аниқ белгилаб берилади.
Шунингдек, маҳаллалардаги «ҳоким ёрдамчилари» билан ўзаро самарали ҳамкорлик тизимини йўлга қўйилади.






