Ўзбекистондан 100 млн сўмгача бўлган заргарлик буюмларини божхона декларациясисиз олиб чиқишга рухсат этилади
2023 йил 1 февралдан бошлаб Ўзбекистондан қиймати 100 млн сўмгача бўлган заргарлик буюмларини божхона декларациясини тўлдирмасдан олиб чиқиш мумкин бўлади. Шунингдек, 2026 йил 1 январга қадар марварид, олмос, қимматбаҳо ва ярим қимматбахо тошларга импорт божхона божлари 0 фоиз этиб белгиланади

Ўзбекистондан қиймати 100 миллион сўмгача бўлган заргарлик буюмларини божхона декларациясини тўлдирмасдан олиб чиқиш мумкин бўлади. Бу бўйича Президентнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Қайд этилишича, 2023 йил 1 февралдан бошлаб:
- резидент ва норезидент жисмоний шахсларга — қиймати 100 миллион сўмгача бўлган тайёр заргарлик буюмларини йўловчи божхона декларациясини тўлдирмасдан, 100 миллион сўм ва ундан ортиқ бўлганларини йўловчи божхона декларацияси асосида Ўзбекистон божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқишга;
- заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчи ЯТТларга — заргарлик буюмларини йўловчи божхона декларациясини тўлдирган ҳолда, маълумотларни Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига киритмасдан Ўзбекистон божхона ҳудудидан ташқарига тижорат мақсадларида олиб чиқишга рухсат этилади.
Шунингдек, 2023 йил 1 февралдан бошлаб аффинаж корхоналари ва заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчилар қуйидаги ҳолларда махсус турдаги товарларни экспорт ва импорт қилиш учун лицензия олиш мажбуриятидан озод этилади:
- қимматбаҳо металларни ва таркибида қимматбаҳо металлари мавжуд бўлган хомашёни божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимига жойлаштиришда;
- божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимига жойлаштирилган қимматбаҳо металлар ва таркибида қимматбаҳо металлари мавжуд бўлган хомашёни қайта ишлаш маҳсулотларини Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқишда;
Бундан ташқари, 2026 йил 1 январга қадар марварид, олмос, қимматбаҳо ва ярим қимматбахо тошларга импорт божхона божлари 0 фоиз этиб белгиланади.






