Ўзбекистонга Россиядан махсус поезд рейслари амалга оширилади
Поездларга фақат Волжский–Тошкент йўналишига чипталар сотилиши хабар қилинган

Ўзбекистонга Россиядан 5 та махсус йўловчи поездлар қатнови йўлга қўйилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги матбуот хихмати хабар берди.
Маълум қилинишича, «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти томонидан Волжский–Тошкент йўналишида 483-сонли йўловчи поездининг 5 та махсус рейси йўлга қўйилади. Поездлар 2021 йил 15, 19, 22, 26, 29 ноябрь кунлари соат 20:57 да Волжский–Тошкент йўналишида ҳаракатини амалга оширади.
Қайд этилишича, поездларга фақат бир томонга, яъни Волжский–Тошкент йўналишига чипталар сотилади. Чипталарни электрон тарзда ҳам сотиш йўлга қўйилган.
Россиядаги фуқароларнинг яқинлари Ўзбекистонда туриб, уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси билан «Ўзбекистон темир йўллари» веб-сайти орқали е-ticket.railway.uz’дан чипталарни электрон тарзда харид қилиб, жўнатишлари мумкин.
Аввалроқ Наманган халқаро аэропорти илк марта Санкт-Петербургдан «Аэрофлот» парвозини қабул қилгани ҳақида хабар берилганди.






