
Ўзбекистоннинг ИҲТ давлатлари билан 10 ойда амалга оширган савдо ҳажми очиқланди
Ўзбекистон умумий экспортининг деярли 35 фоизи ИҲТ мамлакатларига тўғри келган

Ўзбекистоннинг 2021 йил январь-октябрь ойларида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) мамлакатлари билан олиб борган савдо ҳажми маълум бўлди.
Хабар қилинишича, ИҲТ мамлакатлари Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорларидан бўлиб, 2019 йилда товар айирбошлаш ҳажми қарийб 9 миллиард долларни ташкил этган. 2020 йилда эса бу кўрсаткич 8,3 миллиард долларга камайган.
Таъкидланишича, 2021 йилнинг 10 ойи давомида 2020 йилнинг шу даврига нисбатан ИҲТ мамлакатлари билан Ўзбекистон товар айланмаси 35,5 фоизга, яъни 6,5 миллиард доллардан 8,8 миллиард долларгача ошган. Шунингдек, Ўзбекистон умумий товар айланмасида ИҲТ мамлакатларининг улуши 21,5 фоиздан 27 фоизгача ўсган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон экспорти бўйича ва 10 ой якунларига кўра, ИҲТ мамлакатлари ҳам асосий савдо шериклари қаторига киради. 2021 йилда Ўзбекистон умумий экспортининг деярли 35 фоизи ИҲТ давлатларига тўғри келган.
Қайд этилишича, 2019 йилда ИҲТга аъзо давлатларнинг умумий ташқи товар айланмаси 900 миллиард доллардан ошган, 2020 йилда у 40 фоизга камайиб, 542 миллиард долларни ташкил этган.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммитида қатнашгани хабар қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмасида энг кўп улушга эга бўлган давлатлар ҳақида хабар берилди.
Бизнесга оид янгиликлар телеграм каналимизда @kommersuz



