Ўзбекистоннинг МДҲ давлатлари билан 2021 йилги савдо ҳажми маълум қилинди
Ташқи савдо айланмаси ҳажми 2020 йилга нисбатан 5,1 фоизга ортди.

Давлат статистика қўмитаси 2021 йилнинг январь-декабрь ойлари давомида Ўзбекистоннинг МДҲ давлатлари билан савдо айланмасида юз берган ўзгаришлар ҳақида маълумот берди.
Маълум қилинишича, 2021 йилнинг январь-декабрь ойларида, Ўзбекистон ташқи савдо айланмасининг учдан бир қисми ёки 37,7 фоизи МДҲ давлатларига тўғри келган. Ташқи савдо айланмасидаги 2020 йилнинг мос даврига нисбатан улуши 5,1 фоизга кўпайган.

Шунингдек, бошқа хорижий давлатларнинг ТСАси 2021 йилнинг январь-декабрь ойларида 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 5,1 фоизга камайган ва жами ТСАдаги улуши 62,3 фоизни ташкил этган.
Таъкидланишича, Ўзбекистоннинг МДҲ мамлакатлари билан ташқи савдо айланмаси 2021 йил январь-декабрь ҳолатига кўра 15,9 миллиард долларни ташкил этган. Шундан, экспорт — 5 миллиард 407,6 миллион долларга етган бўлса, импорт — 10 миллиард 460,2 миллион доллар қийматида қайд этилган.
Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг МДҲ мамлакатлари билан ташқи савдо айланмасининг энг юқори ҳажмлари Россия (47,4 фоиз), Қозоғистон (24,6 фоиз) ҳамда Қирғизистон (6,0 фоиз) давлатлари билан қайд этилган.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев МДҲ норасмий саммитида қатнашгани хабар қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан 2021 йилги савдо ҳажми ҳақида хабар берилди.






