Ўзбекистоннинг Жанубий Корея билан 10 ойдаги савдо ҳажми маълум қилинди
Экспорт ҳажми 11 фоизга ошди.
Ўзбекистоннинг Жанубий Корея билан 10 ойдаги савдо ҳажми 1 миллиард 526,1 миллион долларни ташкил қилди.
Маълум қилинишича, 2021 йил январь-октябрь ойларида Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги савдо ҳажми 1 миллиард 526,1 миллион долларни ташкил этган. Шундан 42,5 миллион доллари ёки 2,8 фоизи экспорт, 1 миллиард 483,6 миллион доллар ёки 97,2 фоизи импортга тўғри келади.
Шу билан бирга, 2020 йилнинг шу даврига нисбатан экспорт ҳажми 11 фоизга ўсган бўлса, импортда 14,5 фоизга камайиш кузатилган. Таъкидланишича, Жанубий Корея билан савдо алоқаларнинг умумий ташқи савдодаги улуши 4,7 фоизни, экспортда 0,3 фоизни, импортда 7,3 фоизни ташкил этади.
Қайд этилишича, Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги ўзаро савдо улуши айрим олинган тармоқларда қуйидаги кўринишга эга:
- озиқ-овқат маҳсулотлари 0,5 фоизни ташкил этади. Шундан 3,7 миллион доллар импорт, 3,7 миллион доллар экспорт қилинган;
- кимёвий маҳсулотлар ва буюмлар 12 фоизни ташкил этади. Шундан 184,1 миллион доллар импорт, 5,0 миллион доллар экспорт;
- энергия ва нефть маҳсулотлари 1 фоизни ташкил этади. Шундан 8,0 миллион доллар импорт, 0,3 миллион доллар экспорт;
- металлар ва металл буюмлар 2 фоизни ташкил этади. Шундан 29,1 миллион доллар импорт, 5,3 миллион доллар экспорт;
- машина ва ускуналар 72 фоизни ташкил этади. Шундан 1 миллиард 95,9 миллион доллар импорт, 1,2 миллион доллар экспорт;
- хизматлар 6 фоизни ташкил этади. Шундан 84,0 миллион доллар импорт, 15,1 миллион доллар экспорт;
- бошқа товарлар 6 фоизни ташкил этади. Шундан 78,8 миллион доллар импорт, 11,8 миллион доллар экспорт.
Аввалроқ Ўзбекистон ва Корея Президентлари қўшма баёнот қабул қилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмасида энг кўп улушга эга бўлган давлатлар хабар қилинди.