Ўзбекистонда 2030 йилга бориб аҳоли жон бошига даромадни 4 минг доллардан ошириш режа қилинди
Мамлакатни «даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар» қаторига киришга замин яратиш режалаштирилмоқда.

Ўзбекистонда 2030 йилга бориб аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромад 4 минг доллардан ошириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси лойиҳасида сўз боради.
Қайд этилишича, иқтисодиёт тармоқларида барқарор юқори ўсиш суръатларини таъминлаш орқали келгуси 5 йилда аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотни — 1,6 баробар ва 2030 йилга бориб аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромад 4 минг доллардан ошириш ҳамда «даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар» қаторига киришга замин яратиш режалаштирилмоқда.
Лойиҳага кўра, мамлакатда макроиқтисодий барқарорлик таъминланиб, йиллик инфляция даражасини босқичма-босқич 5 фоизгача пасайтирилади. Халқаро молия институтлари билан биргаликда келгуси 5 йил учун бир нечта сценарийли макроиқтисодий прогнозлар (макромодель) ишлаб чиқилади.
Шунингдек:
- ялпи ички маҳсулотни 100 млрд АҚШ долларига етказиш ва аҳоли даромадларининг юқори ўсиш суръатларини таъминлаш;
- таркибий ислоҳотларни амалга оширишда иқтисодиётга таъсирини баҳолаш;
- иқтисодий ўсиш учун зарур бўлган энергия манбалари билан таъминлаш;
- ташқи бозорлардаги ўзгаришларни прогнозлаштириш ва иқтисодий ўсишга ташқи омиллар таъсирини юмшатиш кўзда тутилган.
Маълум қилинишча, ҳудудлар ва тармоқларнинг иқтисодий ўсишдаги ҳиссасини аниқлаш орқали «ўсиш нуқталари» белгиланади. Барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашда тавсиялар ва асосий макроиқтисодий йўналишлар бўйича аниқ чоралар ишлаб чиқиилади.






