Ўзига устама пули ёзган ҳокимнинг қарори бекор қилинди
Ҳоким узоқ муддатли самарали хизмати учун ўзига ўзи ҳар ойлигига қўшимча 30 фоизлик устама пули ёзганди. Ҳокимга нисбатан жазо чораси кўрилиши белгиланди

Сирдарё вилояти Янгиер шаҳри ҳокими Отабек Носировнинг узоқ муддати учун ўзига ўзи 30 фоиз миқдорида лавозим маошига нисбатан ҳар ойлик устама белгилаш тўғрисидаги қарори бекор қилинди.
Сирдарё вилояти ахборот хизматининг маълум қилишича, мазкур фармойишнинг қонунчиликка мувофиқлиги юзасидан вилоят ҳокимлиги ва адлия бошқармаси ходимлари томонидан ўрганиш ўтказилган.
Ўрганиш натижаларига кўра, Янгиер шаҳри ҳокимининг ўзига ўзи ҳар ойлигига устама ҳақи белгилаш тўғрисидаги қарори бекор қилинди.
Шунингдек, хизмат вазифасига масъулиясизлик билан ёндашиб, қонунбузилишига йўл қўйган масъул ходимга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилиши белгиланди.
Аввалроқ Янгиер шаҳри ҳокими ўзига ўзи ҳар ойлик устама белгилагани ҳақида хабар қилинганди.






