«Ўзтрансгаз» фақат газни транспортировка қилиш билан шуғулланувчи компанияга айлантирилади
Табиий газ таъминоти тизимини ислоҳ қилиш бўйича Президент қарори лойиҳаси тайёрланади.

«Ўзтрансгаз» корхонаси фақат газни транспортировка қилиш билан шуғулланувчи компанияга айлантирилади. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясида нефт-газ соҳасида трансформация жараёнларини жадаллаштириш орқали табиий газ таъминотида ижтимоий ҳимоя кафолатлари белгиланган ҳолда бозор механизмларини жорий этиш белгиланган.
Таъкидланишича, 2022 йилги давлат дастурига асосан, табиий газ таъминоти тизимини ислоҳ қилиш ва рақобат бозорини босқичма-босқич шакллантириш тўғрисида Президент қарори лойиҳаси тайёрланади.
Лойиҳада бир қатор вазифалар белгиланади. Жумладан, «Ўзтрансгаз» корхонасини фақат газни транспортировка қилиш билан шуғулланувчи компанияга айлантириш кўзда тутилган.
Шунингдек, «Ўзбекнефтгаз» корхонасининг ташкилий-ҳуқуқий тузилмаси дунёнинг етакчи нефть-газ компаниялари стандартларига мувофиқлаштирилади. Бунда жамият тасарруфидаги корхоналарда кооперация ва аутсорсинг хизматларини жорий этилади.
Бундан ташқари, октябрь ойига қадар «Ҳудудгазтаъминот» корхонаси фаолияти йўналишларига хусусий операторларни жалб қилиш бўйича асосий талаблар белгиланади. Бу талаблар, хусусан, суюлтирилган газни аҳолига етказиб бериш ва табиий газни истеъмолчиларга етказиб бериш тизимларига оид бўлади.
Аввалроқ Ўзбекистон хорижга табиий газ экспорт қилишни тўхтатгани хабар қилинганди. Шунингдек, «Ўзбекнефтгаз» Лондон фонд биржасига 700 миллион долларгача еврооблигациялар чиқариши ҳақида хабар берилди.


